Касаба уюшмалари аҳоли манфаатларини ҳимоя қилмоқда
11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни
Бухорода Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан “Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари фаолиятига назар” мавзусида брифинг бўлиб ўтди.
Брифингда ОАВ вакилларига вилоят касаба уюшмалари кенгаши томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумотлар тақдим қилинди.
Вилоятда 2279 та бошланғич касаба уюшма ташкилоти мавжуд бўлиб, уларда 368 минг 760 нафар касаба уюшма аъзоси бирлашган. Жорий йилнинг 9 ойи давомида 1441 та корхона ва ташкилотнинг 23 минг 201 нафар ходими касаба уюшмасига жалб этилди. Меҳанткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида аниқ вазифалар амалга оширилди. Кам таъминланган оилалар, пенсия ёшидаги ходимлар, ногиронлиги бор шахслар, ишловчи аёллар ва ёшларга жамоа шартномалари орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш ишлари янги босқичга кўтарилди. Биргина 2024 йилнинг 9 ойи давомида жамоа шартномалари орқали 6305 нафар фуқарога ва 2113 та оилага 4 миллиард 43 миллион 200 минг сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилди.
Меҳнат муҳофазаси йўналишида 2024 йилнинг ўтган даври давомида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ходимлари томонидан 60 га яқин корхона, ташкилот фаолияти ўрганилиб, аниқланган камчиликларни батараф этиш мақсадида иш берувчиларга 30 дан ортиқ тақдимнома киритилди. Касаба уюшмаларининг аралашуви билан 27 та тақдимномада кўрсатилган камчиликлар бартараф этилишига эришилди. Касаба уюшма мутахассислари ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни текшириш комиссиялари, касб касалликларини текшириш ишларида, тиббий-меҳнат эксперт комиссияси мажлисларида иштирок этмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган “Аёллар дафтари” тизими орқали жорий йилнинг 10 октябрига қадар вилоят бўйича хотин-қизларнинг 57 минг 854 нафарига ёки 97,2 фоизига амалий ёрдамлар кўрсатилди. Боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар тоифасидаги 10843 нафар хотин-қизга, ижтимоий ёрдамга муҳтож, 1 ва 2-гуруҳи ногиронлиги бўлган, шунингдек тезкор тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар тоифасига киритилган 11454 нафар аёлга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 54 нафар хотин-қиз уй-жой билан таъминланди, 116 нафарига ижара компенсациялари тўлаб берилди.
Вилоят маҳалла фуқаролар йиғинларида 5399 нафар хотин-қиздан 3 641 нафари (63 фоиз) билан анкета-сўровнома ўтказилиб, уларнинг 5782 та муаммоси ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ўрганилиб, таҳлил этилди.
Бухоро вилоятини “Хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликдан холи ҳудуд”га айлантириш юзасидан 2023-2024 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури қабул қилиниб, ижрога қаратилди.
Дастурга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, давлат бошқаруви органлари ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган 22 та йўналиш бўйича 76 та топшириқ-вазифа белгилаб олиниб, ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Вилоятни хотин-қизлар ўртасида ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш дастурига асосан 4 минг 866 нафар хотин-қизнинг бандлиги тўлиқ таъминланди.
2024 йилнинг 9 ойи давомида Бухоро вилояти касаба уюшма ташкилотлари томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг 143 та мурожаати кўриб чиқилди. Шундан 55 таси ёзма, 79 таси электрон, 7 таси оғзаки, 2 таси ишонч телефони орқали келиб тушган мурожаатлардир. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида 71 нафар ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди, 61 таси тўлиқ қаноатлантирилди ва 75 тасига тушунтириш берилди.
Касаба уюшмалари томонидан турли соҳа ходимлари ва аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоятга 2024 йил ўтган даврида Россиянинг Татаристон, Бошқирдистон Республикалари, Беларусь, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон каби давлатларнинг касаба уюшмалари вакиллари қабул қилиниб, ўзаро тажриба алмашилди.
Халқаро меҳнат ташкилоти Меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси ташаббуси билан 2024 йил 16-18 апрель кунлари “Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнат соҳасида зўравонлик ва тегажоғлик тўғрисидаги 190-сонли конвенцияси” мавзусида халқаро семинар ўтказилди. Семинарда Халқаро меҳнат ташкилоти Меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси (АCTRAV)нинг Европа ва Марказий Осиё сектори мудири Сергеюс Гловацкас ва ташкилот ходимлари, Тожикистон, Қозоғистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон Республикалари таълим ва фан ходимлари касаба уюшмалари фаоллари иштирок этди.
Жорий йилнинг 18-20 май кунлари Бошқирдистон касаба уюшмалари Федерацияси Республика иттифоқи делегацияси,
17-18 июль кунлари Тожикистон Республикаси “Тожикметалл” тармоқ касаба уюшмаси ва 1-2 октябрь кунлари Қозоғистон Республикаси “Қозоқметалл” тармоқ касаба уюшмаси делегацияси аъзолари Бухоро шаҳрида муносиб кутиб олинди ва саёҳатлари ташкил этилди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси фаолиятининг яна бир муҳим йўналиши ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштиришдир.
Касаба уюшмалари тизимидаги санаторияларда 2024 йилнинг ҳозирги кунига қадар 3187 нафар дам олувчи соғломлаштирилиб, улардан 1577 нафари имтиёзли ва 74 нафари бепул йўлланмалар асосида ўз саломатликларини тиклади.
Жорий йилги ёз мавсумида 10 та оромгоҳ фаолият кўрсатиб, уларда 7 минг 214 нафар, 132 та соғломлаштириш майдончасида 14495 нафар бола соғломлаштирилди.
Бухоро шаҳрида 250 ўринли янги замонавий оромгоҳ, 140 ўринга мўлжалланган 7 қаватли меҳмонхона ва 1 гектар майдонда “Ҳунармандчилик маркази” қурилиши олиб борилмоқда.
Сўнгги йилларда Федерация томонидан “Янгиер”, “Кўхинур”, “Хўжаипок”, “Чинобод плаза”, “Сангардак”, “Заркент”, “Севарсой”, “Хонқа” санаториялари ҳамда “Хўжаипок ота” дам олиш маскани, “Янгиер” санаториясида ёпиқ сув ҳавзаси қуриб фойдаланишга топширилгани қувонарли бўлди.
Бундан ташқари, 2024 йилнинг 9 ойи давомида “Янги Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури доирасида қарийб 23 минг 331 нафар ходим ва улар оила аъзоларининг республикамиздаги диққатга сазовор қадамжоларга саёҳатлари ташкил этилди. Шундан 10324 нафари тарихий шаҳарларга, 13007 нафари вилоят ҳудудига саёҳатга жалб этилган. Ушбу мақсадлар учун жамоа шартномалари ва келишувлари орқали касаба уюшмалари ва иш берувчилар маблағлари ҳисобидан жами 8 миллиард 571 минг сўм маблағ сарфланди.
[gallery-20235]
Касаба уюшмалари оммавий спортни ривожлантириш, спортга жалб этиш орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда ҳам фаол иштирок этмоқда.
Ўтган даврда тармоқ касаба уюшмалари билан ҳамкорликда корхона ва ташкилотлар ўртасида касаба уюшмалари кубоги учун спортнинг минифутбол, волейбол, стол тенниси, шахмат, шашка каби оммавий турлари бўйича 819 та мусобақа ташкил этилиб, уларга 27176 нафардан ортиқ касаба уюшмалари аъзолари жалб этилди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг Бухоро вилоят кенгаши Президентимиз ташаббуслари билан Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш йўлида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларда бундан буён ҳам фаол иштирок этиб, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш йўналишларидаги ишларни изчиллик билан амалга оширади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари