Касаба уюшма аъзолари юриш марафонида
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг Навоий вилоят Кенгаши томонидан “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ҳамда 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони ижросини таъминлаш мақсадида “Зўравонликка қарши 16 кунлик” доирасида юриш марафони ўтказилди.
Марафон Навоий шаҳридаги “Нуронийлар маскани”дан бошланиб, “Ёшлик кўли” атрофида 5000 метр масофада ўтказилди.

– Бугунги кунда ҳолсизлик, уйқучанлик, уйқунинг бузилиши, диққат-эътиборни жамлашнинг секинлашиши, хотиранинг пасайиши, сабабсиз чарчаш ҳисси, семизлик каби белгилар кўпчиликда учрайди, – дейди Федерациянинг вилоят Кенгаши масъул ходими Норимхол Нурмонова. –Лекин камдан-кам одамлар бу ҳолатларни камҳаракатлилик билан боғлайди. Юриш эса барча спорт турлари орасида энг осони ва қулайи ҳисобланади. Бунинг учун жуда кўп энергия сарфлашнинг ҳожати йўқ. Ижобий таъсири эса жуда юқори. Юриш организмнинг умумий ҳолатига таъсир кўрсатади, мушакларни бақувват қилади, суяк тўқимасини мустаҳкамлайди. Соғлом инсонгина жисмонан мустақил бўлади, ўз мақсади сари дадил ва эркин ҳаракат қила олади. Бунинг учун эса соғлом турмуш тарзига амал қилиш лозим.
Марафонда вилоят Кенгашининг барча ходимлари, корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган 1000 нафарга яқин касаба уюшмаси аъзоси фаол иштирок этишди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири