Картинг усталари Наманганда баҳслашди
Наманган вилоятининг Учқўрғон туманидаги замонавий картадромда Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ташаббуси билан картинг пойгаси бўйича Наманган вилояти ҳокими кубоги мусобақасининг илк мусобақаси ўтказилди.
Очиқ турдаги халқаро миқёс касб этган мазкур турнирда Наманган, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳамда Россия Федерацияси, Тожикистон ва Қирғиз Республикасидан келган 70 га яқин спортчилар иштирок этди.

Картинг усталари «Микро», «Мини», «Супермини», «ОК-Жуниор», «Патриот», «КФ», «КЗ» синфлари ҳамда республика миқёсида илк маротаба жорий этилган янги «Т–4 Патриот ўсмирлар» синфи бўйича ғолиблик учун баҳслашди.

Дастлаб ўтказилган «Супермини», «Т–4» ёшлар ва ўсмирлар синфида Мелена Клейн, Сомон Баҳромзода ва Сабрина Клейн ғолибликни қўлга киритишди. Шунингдек, «КЗ», «ОК-Жуниор» ва «Т–4» катталар синфида Аликай Хайруллаев ва Адҳам Эгамбердиев фахрли биринч ўринни эгаллашди.

Қизғин ва муросасиз рақобат руҳида кечган мусобақада айниқса, спортчи-қизларнинг ажойиб хатти-ҳаракатлари томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлди.

Ҳакамлар ҳайъати ҳар бир синф бўйича умуммий натижаларни ҳисоблаб чиқди. Якуний натижаларга кўра, Наманган тумани ўқув-спорт турлари маркази жамоаси биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ўринда тўрақўрғонлик спортчилар қайд этилди. Наманган вилояти техник ва амалий турлари спорт маркази жамоаси дастлабки босқични кучли учликда тугатди.
Тантанали тақдирлаш маросимида ғолиб жамоалар ҳамда спортчиларга “Ватанпарвар” ташкилотининг диплом ва медаллари топширилди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА