Карманага Венгриядан наслли жўжалар олиб келинди
Кармана туманидаги “Colden Lake Miracles” МЧЖ томонидан Венгрия давлатининг "BABOLNA TETRA" компаниясидан 10 минг бош “Super Harco” наслли хонаки жўжалар келтирилди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини озиқ-овқат, жумладан, чорвачилик ва паррандачилик маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳудудларда хонаки зотдор товуқларни кооперация асосида боқишни кенгайтириш бўйича топшириқ берилган эди.

Венгриялик меҳмонлар “Colden Lake Miracles” МЧЖга ташриф буюриб, келтирилган 10 минг дона “Super Harco” наслли хонаки жўжаларни парваришлаш бўйича ферма ишчиларига бир қатор тавсияларини берди.

– Бугунги кунда биз аҳолимизни арзон тухум ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида Венгриядан наслли жўжалар олиб келдик, – дейди “Colden Lake Miracles” МЧЖ таъсисчиси Азиз Сувонов. – “Super Harco” наслли паррандалари юқори маҳсулдорлиги билан ажралиб туради, жуда тез ўсади. Шунингдек, 3,5 ойлик хўрознинг вазни тахминан 2 килограммга етади. 5,5 ойлик тухум қўядиган товуқларнинг вазни эса 2-2,5 килограммгача етади.

Албатта, ушбу саъй-ҳаракатлар аҳолини арзон тухум ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш билан бирга, бозорларда ушбу маҳсулотлар нархининг арзонлашувига ҳам хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Абдували Бўриев, ЎзА