Кардиология соҳасида сунъий интеллект
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Бухоро вилоят минтақавий филиали, Institute of Science Tokyo университети ҳамда Бухоро давлат тиббиёт институти ўртасида кардиология соҳасидаги халқаро онлайн учрашув бўлиб ўтди. Учрашув Zoom платформаси орқали ташкил этилди.
Мазкур ҳамкорлик кардиология соҳасига замонавий сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда клиник амалиётни илмий ёндашувлар билан бойитишга қаратилган. Томонлар Япония ва Ўзбекистон тиббиёт мактабларининг илғор тажрибаларини уйғунлаштириш муҳим эканини таъкидлади.
Учрашувда Institute of Science Tokyo университетида PhD илмий тадқиқот олиб бораётган ҳамюртимиз Ихтиёржон Ҳамдамов сўзга чиқди. У ўз илмий раҳбари профессор Тецуо Сасано бошчилигида амалга оширилаётган тадқиқотлар ҳақида маълумот бериб, ЭКГ, ЭхоКГ ҳамда лаборатория кўрсаткичлари асосида юрак-қонтомир касалликларини эрта аниқлашга қаратилган сунъий интеллект концепциясини тақдим этди.

Шундан сўнг РИКИАТМ Бухоро вилоят минтақавий филиалининг етакчи шифокор-кардиологи Мақсуд Тоиров лойиҳанинг клиник аҳамияти, уни ҳудудий кардиология амалиётига жорий этиш имкониятлари ва беморлар учун амалий фойдаси хусусида ўз фикрларини билдирди.
Учрашувда Бухоро давлат тиббиёт институти жамоаси ҳам фаол иштирок этиб, институтнинг илмий салоҳияти ва халқаро лойиҳаларда иштирок этишга тайёр эканини алоҳида қайд этди.
Муҳокамалар якунида кардиологияда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, беморлар маълумотлари асосида қўшма илмий база яратиш, юрак касалликларини 1, 3 ва 5 йил олдин башорат қилиш, халқаро илмий мақолалар тайёрлаш ва келгусида қўшма клиник платформа ишлаб чиқиш бўйича устувор йўналишлар белгилаб олинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.