Каратэчиларимиз Жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда
Шу кунларда Туркиянинг Коня шаҳрида каратэ WKF бўйича ёшлар ва ўсмирлар (U-21) ўртасида ўтказилаётган Жаҳон чемпионати баҳсларида Хўжамқул Хўжақулов мураббийлигидаги мамлакатимиз спортчилари ҳам ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.
Муросасиз баҳсларда юртимиз шарафини Ҳумоюнмирзо Халимов, Жаҳонгир Абдураззоқов, Ихтиёржон Абдулатипов, Исломбек Исматуллаев, Зуфарбек Жўраев, Азимбек Халилов каби 20 нафар истеъдодли каратэчилар ҳимоя қилмоқда.
Мазкур нуфузли мусобақа баҳсларини бошқариб боришда ўзбекистонлик Азизбек Бўриев ва Бобур Давлатов ҳакам сифатида фаолият кўрсатмоқда.

Кеча чемпионат доирасида халқаро тоифадаги мураббийлик сертификатига эга бўлиш учун ташкил этилган имтиҳондан муваффақиятли ўтган юртдошимиз Хамдамжон Шодибеков «ката» ва «кумите» бўйича халқаро тоифадаги мураббий гувоҳномасига эга бўлди.
Жорий йил 26 октябрида бошланган чемпионатда 105 та мамлакатнинг 1800 нафардан зиёд ёш каратэчилари қатнашмоқда. Бугун бир қатор йўналишларда саралаш баҳслари якунига етади.
29 октябрь куни нуфузли мусобақанинг ярим финал баҳслари ташкил этилса, 30 октябрда финал жанглари бўлиб ўтади.
Т. Рўзиев, ЎзА