Канализацияга ташла, оқиб кетади
Оқова сувларга шу зайлда муносабатда бўлиш қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда
"Toшкент шаҳар сув таъминоти" матбуот хизматидан маълум қилишларича, шаҳардан чиқаётган маиший оқова сувларни қайта ишлашга мўлжалланган Бўзсув, Салар ҳамда Бектемир оқова сувларини тозалаш иншоотлари ишлаб турибди. Уларнинг энг йириги Салар иншооти бўлиб, унда бир кунда 900 минг кубгача оқова сувлари тозаланиб, табиатга қайтарилади. Бўзсув иншооти эса 700 минг куб сувни тозалашга мўлжалланган. Бектемир иншооти эса кичикроқ бўлиб, 25 минг куб оқовани қабул қилади.
Албатта, мазкур иншоотлар аҳолидан келадиган маиший оқова сувларини қайта ишлаш мақсадида бунёд этилган. Бироқ сўнгги вақтларда юртимизда тадбиркорлик муҳити тобора кенгайиб бораётгани, ишлаб чиқариш жараёнларининг жадаллашаётгани мазкур иншоотларнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, Бектемир иншоотидаги санитарик вазият кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Бектемир иншооти фақат мазкур туманнинг оқова сувини қабул қилади. Бироқ сўнгги йилларда иншоот атрофида ўнлаб ишлаб чиқариш объектларининг пайдо бўлгани ва улардан ташланаётган қаттиқ чиқиндилар ушбу тозалаш корхонаси ишини қийинлаштирмоқда. Ташланган йирик чиқиндилар насослар ҳамда бошқа технологиялар ишини издан чиқармоқда.
Бу эса санитарик ҳолатни ёмонлаштириш, турли қўланса ҳидларнинг атрофга тарқалишига сабаб бўлмоқда. Чиқинди миқдорининг ҳаддан зиёдлиги иншоотдаги вазиятни яхшилашга тўсиқ бўлмоқда. Қайд этиш керакки, бу ерда тозаланган сув Чирчиқ дарёсига ташланади. Дарёда оқимнинг пасайиб кетгани сабабли қайта ишланган оқова сувлар атрофда тўпланиб, санитария талабларига зид ҳолатни юзага келтирмоқда.

Кузатиладиган бўлса, Бўзсув иншоотида ҳам шу каби муаммо мавжуд. Бўзсув каналига чиқарилаётган тозаланган оқова сувнинг умумий ранги тўқ қизил тусда бўлиб, кўрган кишида гўёки корхона оқоваларни тозаламай чиқараётгандек тасаввур уйғотади. Бунинг сабаби, шаҳардаги текстил корхоналари бўёқли чиқинди сувларини оқова тармоқларига оқизаётганидир. Юқорида айтиб ўтганимиздек, иншоотлар имконияти фақатгина маиший чиқинди сувларини тозалайди. Ундаги бўёқ рангини ажратиб олиш ҳам бу ердаги технологияларда кўзда тутилмаган.
Аслида, белгиланган меъёрга кўра корхоналар ишлаб чиқаришдан ажраган чиқинди сувларини қолдиқлардан тозаланган ҳолда оқова тармоқларига ташлаши лозим. Афсуски, бугун фаолият юритаётган аксарият ишлаб чиқариш объектларида бирламчи тозалаш иншоотлари қурилмаган. Бу ҳолат ушбу бирламчи тозалаш иншоотларининг таннархи қимматлиги билан изоҳланмоқда. Бироқ талабга кўра корхона фаолият бошлаётганда ушбу бирламчи тозалаш иншооти ҳам ишга туширилиши лозим. Афсуски, мутасаддилар бу масалага панжа ортидан боқиб, фақат ишлаб чиқаришга асосий эътиборни қаратмоқда. Бундай муносабат эса атроф-муҳит санитарияси ҳамда тозалаш иншоотларининг фаолиятини издан чиқишига олиб келмоқда.
Ҳар уччала иншоотга тааллуқли муаммо бу аҳолининг йирик ҳажмдаги чиқиндиларни оқова сувлари тармоқларига ташланаётганидир. Турли матолар, болалар тагликлари, ҳаттоки хонадон ва кушхоналарда сўйилаётган жониворларнинг қолдиқлари ҳам оқоваларга оқизилмоқда. Бу эса тармоқда тиқинларни юзага келтириб, аварияларга сабаб бўлмоқда.
Агар вазият шу зайлда давом этса, пойтахтдаги экологик вазият издан чиқиши муқаррар. Фақат ишлаб чиқаришга эътибор қаратиб, оқибатларининг олди олинмас экан, вазият биз ўйлагандан кўра оғирлашиши мумкин.
Тўғри, бугунги кунда иншоотларни капитал таъмирлаш, уларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бунинг учун хориж сармоялари ҳам жалб этилмоқда. Аммо ишлаб чиқариш ва чиқинди ажратмалари ҳам кун сайин ортмоқда. Шу сабабли корхоналар ўз фаолиятини йўлга қўйганда қанчалик қиммат бўлмасин бирламчи тозалаш иншоотларини ҳам ишлатмас экан вазият янада ёмонлашиб қолиши мумкин.
Шундай экан, бепарволик ва эътиборсизлик билан чиқиндиларни оқова қувурларига ташлашга чек қўйиш керак.
Умид Меликов,
Тошкент шаҳар оқова сув тармоқлари бошқармаси бош муҳандиси.
ЎзА