Канада Нетаньяху самолёти ўз ҳаво ҳудудидан ўтишини текширмоқда
Канада ташқи ишлар вазири Анита Ананд маълум қилишича, мамлакат расмийлари Халқаро жиноят суди (ХЖС) томонидан ҳибсга олишга ордер берилган Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Нью-Йоркка парвози давомида Канада ҳаво ҳудудидан фойдаланиш-фойдаланмаслиги масаласини ўрганмоқда.
БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессиясида иштирок этаётган Анита Ананд журналистларга берган интервьюсида ушбу рейс бўйича тегишли вазирликка суриштирув ўтказиш топшириғи берилгани, Канада ҳамиша халқаро судлар қарорини ҳурмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, у Ғазо ва Иордан дарёси Ғарбий соҳилида Исроил ҳужумидан азият чекаётган аҳолини қўллаб-қувватлаш, айни жараёнда инсониятга қарши жиноят масаласини кўриб чиқиш зарурлигини билдирди. Бинобарин, “Канада Нетаньяхуни ҳарбий жиноятчи деб ҳисоблайдими?” деган саволга аниқ жавоб бермади.
Эслатиб ўтамиз, ХЖС 2024 йил 21 ноябрда Биньямин Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олиш учун ордер чиқарган. Шу боис Канада Бош вазири Марк Карни 2025 йил октябрь ойида Нетаньяху мамлакат ҳудудига кирган тақдирда ҳибсга олинишини маълум қилган.
Бугун БМТ Бош Ассамблеясида чиқиш қилиш учун Нью-Йоркка учиб келиши кутилаётган Нетаньяху масаласида шаҳар мэри Зуҳрон Мамданий ҳам муносабат билдирди. Унинг таъкидлашича, шаҳар ҳокимияти ХЖС ордерини мустақил равишда ижро этиш ваколатига эга эмас. Бу чорани федерал ҳукумат амалга ошириши лозим.
Ф.Яхшибоева, ЎзА