Канада бош вазири ўз истеъфосини эълон қилди
2015 йилдан бери Канада бош вазири ва Либерал партия етакчиси бўлиб келган Жастин Трюдо истеъфога чиққанини эълон қилди, бу ҳолат ҳукуматда тартибсизликлар кучайган паллада юз берди. Трюдо партия янги номзодни танлагунча лавозимида қолади. Қизиқ жиҳати, Трюдо истеъфосидан сўнг Трамп Канадага 51-штат бўлишни яна таклиф этди.
Жорий йилнинг октябрь ойларида Канадада парламент сайловлари бўлиб ўтиши керак, унда Либерал партия ютқазиши тахмин қилинмоқда. Сўнгги сўровларга кўра, партия сайловчиларнинг тахминан 20 фоиз овозига, мухолифатдаги Консерватив партия эса 40 фоиздан кўпроқ овозга эга бўлиши мумкин.
27 январдан фаолиятини қайта бошлаши керак бўлган парламент иши 24 мартгача тўхтатилади. Ушбу муддат Либерал партия етакчилиги учун «пойга» вақти демакдир. Аммо мухолиф партиялар ишончсизлик вотуми орқали Либерал партияни “ағдариб ташлаши” ҳам мумкин.
Жастин Трюдо 2013 йилдан бери Либерал партияни бошқариб келмоқда вау мамлакатнинг энг узоқ вақт ишлаган бош вазирларидан бирига айланди. Унинг даврида Канада эвтаназия (беморнинг ўлимолди азоб-оғриқларини енгиллаштириш; тузалиши қийин, оғриқ-азобдан қийналаётган беморларнинг ўлимини тезлаштириш)ни ва марихуанани қонунийлаштирди, иссиқхона газлари ташламалари учун солиқ жорий қилди, бир марталик пластик идишларни тақиқлади, қуролга эгалик ҳуқуқини чеклади, турли нафақаларни, айниқса, болалар нафақаларини сезиларли даражада оширди.
Трюдонинг сиёсати, айниқса, нафақалар миқдорини ошириши катта бюджет харажатларини талаб қилди. Дастлаб, ҳукумат уларни корпоратив солиқлар ва бойлар учун солиқларни ошириш орқали молиялаштиришга муваффақ бўлди. Бироқ COVID-19 пандемияси сабаб ўлка бюджети ҳаддан ташқари зўриқди ва давлат қарзининг сезиларли даражада ўсишига олиб келди.
Бундан ташқари, бюджет харажатларининг ўсиши таъминот занжирларининг бузилиши билан биргаликда инфляцияга ҳам олиб келди. Сўнг Канадада нархлар инқирози бошланди. Оддий қилиб айтганда, ҳаёт сезиларли даражада қимматлашди ва кўпчилик фуқаролар ҳукуматни ва унинг раҳбарини асосий айбдор деб ҳисоблади. Шу тариқа бош вазирнинг машҳурлиги нархларнинг юқорилиги ва уй-жой танқислиги туфайли жамоатчиликнинг ғазаби остида пасайишни бошлади ва қайта тикланмади.
М.Пирматова, ЎзА