Камтар халоскорлар — асл қаҳрамонлар
Кўринишидан ғоят ёқимтой, истараси иссиқ бу аёлнинг энди кунлаб, ҳафталаб чеҳрасидан тиббий ниқоб тушмайди.
Кўринишидан ғоят ёқимтой, истараси иссиқ бу аёлнинг энди кунлаб, ҳафталаб чеҳрасидан тиббий ниқоб тушмайди.
... У болаликдан шифокор бўлишни орзу қилган. Қалбдаги беғубор, чин савобли, хайрли ниятга Яратган ҳам оқ йўл бераркан, дастлаб мактабни, сўнг олий таълим масканини аълога тамомлади. Меҳнат фаолиятини тиббиётнинг энг мураккаб ва айни пайтда қалтис йўналиши — вирусологияда бошлади.
Амалиётда билим, истеъдод, маҳорат чархланар экан. Ишлаб яхшигина тажриба орттирди. Соҳада тўплаган билимлари, илмий изланиши туфайли тиббиёт фанлари доктори даражасига муносиб топилди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасининг бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Муҳайё Асилова ҳамда у каби жонфидо тиббиёт ходимлари бугунги синовли кунларда қанча-қанча одамларнинг ҳақиқий халоскорига айланди.
Ўзининг таъкидлашича, 33 йиллик меҳнат фаолияти давомида ҳозиргидек мураккаб вазиятга тўқнаш келмаган.
Лекин шунга қарамай, бугун шифокорларимиз ҳар бир беморнинг оёққа туриши, дарддан фориғ бўлиши учун бор билими, кучи, салоҳияти, меҳр ва эътиборини аямаяпти.
Ҳа, бугун тунларни тонгларга улаб, соғлиғини хатарга қўйиб, беморларни кўринмас балои офатдан асраётган шифокорлар, касбига содиқ гвардиячилар, йўл-патруль хавфсизлиги, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар тузилмалари ходимлари, сахий ҳомийлар давр қаҳрамонларига айланди. Уларга ҳар қанча тасаннолар айтсак, шарафласак, миннатдорлик билдирсак арзийди.