Камералар, назорат ва масъулият
Маҳалладаги тинчлик ва осойишталик фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эмас, балки бутун жамият масъулияти билан таъминланади. Жиззах вилоятида ўтказилган навбатдаги танқидий-таҳлилий йиғилишда аҳоли хавфсизлигини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва рақамли назорат тизимларини кенг жорий этиш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда йўл қўйилаётган камчиликлар атрофлича кўриб чиқилди.
Жиззах вилоятида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар танқидий-таҳлилий руҳда муҳокама қилинди.

Вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда жорий йилнинг дастлабки беш ойида эришилган натижалар таҳлил қилиниб, айрим ҳудудларда сақланиб қолаётган муаммолар, масъул ташкилотлар фаолиятидаги камчиликлар ва уларни бартараф этиш чоралари юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Таъкидланганидек, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш бугунги кунда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада Президентнинг 2025 йил 3 январда қабул қилинган “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳада мутлақо янги ёндашувларни жорий этишга ҳуқуқий замин яратди. Қарорда ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва омилларини манзилли бартараф этиш, рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш ҳамда аҳолининг хавфсизлик ҳиссини мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Йиғилишда мазкур вазифалар ижроси доирасида ҳудудларда кузатув камераларини ўрнатиш ва уларни ягона рақамли тизимларга интеграция қилиш ишлари алоҳида кўриб чиқилди. Масъулларга жорий йил 1 июлга қадар 2026 йилнинг биринчи ва иккинчи чоракларида режалаштирилган барча кузатув камераларини тўлиқ ўрнатиш, мавжуд техник воситаларни “Қалқон” платформасига улаш, маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда белгиланган 12 та индикатор бўйича ишларни тўлиқ якунлаш юзасидан қатъий топшириқлар берилди.
Шунингдек, аҳоли хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатаётган омиллардан бири бўлган алкоголь маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш чораларини кучайтириш, профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш ва маҳаллаларда жамоатчилик назоратини кенгайтириш вазифалари белгилаб олинди.

Муҳокамалар давомида рақамли назорат воситалари қанчалик муҳим бўлмасин, хавфсиз муҳитни таъминлаш аввало масъул раҳбарларнинг ташаббускорлиги, маҳалла фаолларининг фидойилиги ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятига боғлиқ экани алоҳида қайд этилди.
Йиғилиш якунида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши нафақат жиноятчилик кўрсаткичларини пасайтириш, балки ҳар бир маҳаллада одамларнинг эртанги кунга ишончи, хотиржамлиги ва осойишта ҳаётини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири