Камчиликлар кўп, аммо имконият бор
Жиззах шаҳрида Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси ишчи гуруҳи томонидан Жиззах вилоятида тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш ва экспорт прогноз кўрсаткичлари ижросини таъминлаш соҳасидаги долзарб вазифалар ижросини ўрганиш натижаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда Республика Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Б.Валиев, Жиззах вилоят ҳокими Э.Салиев, мутасадди ташкилот раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимлари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.

Унда вилоятда амалга оширилаётган ва жорий йилда ишга туширилиши белгиланган хорижий инвестиция иштирокидаги лойиҳалар жойига чиққан ҳолда ўрганилиб, уларнинг ўз вақтида фойдаланишга топширилишини таъминлаш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Шунингдек, Жиззах вилояти ҳокимлигида тадбиркорлик субъектлари фаолиятида юзага келаётган муаммоларни муҳокама қилиш ва ҳал этишга бағишланган учрашув ҳам ташкил этилди. Вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банкларининг раҳбарлари, маҳаллий ҳокимият вакиллари ва тадбиркорлар иштирокида ўтказилган ушбу учрашувда ишбилармон доира вакилларининг фаолиятида юзага келган 24 та муаммоли масала муҳокама қилинди.


Ушбу муаммоларнинг 11 таси жойида ижобий ҳал қилинган бўлса, ўрганиш вақт талаб этган 13 та масала бўйича мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларига топшириқ берилиб, уларнинг ижроси қатъий назоратга олинди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири