“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури амалда
“Ўзмиллийбанк”АЖ Навоий бош бошқармаси томонидан Нурота тумани Янги ҳаёт маҳалласида истиқомат қилувчи 5 нафар камбағал оила аъзолари бандлигини таъминлаш, оилавий даромадини яхшилаш мақсадида ҳомийлик асосида уч ғилдиракли электр мотоцикл билан таъминланди.
Юртимизда аҳоли турмуш шарт-шароитини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурларининг натижадорлигига эришишда янгича ёндашув ва тўпланган миллий тажрибани қўллаш чора-тадбирларини янада юқори босқичга олиб чиқиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрь куни қабул қилинган “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармони дастуриламал вазифасини бажармоқда. Унга кўра, 2024 йилнинг қолган даврида 500 минг, 2025 йилда эса 1 миллион нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг ҳамда барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланди.
Жумладан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, “Бизнесга биринчи қадам” дастурлари ҳамда микромолия ташкилотлари орқали жорий йил якунигача 4 триллион сўм, 2025 йилда 15 триллион сўм кредитлар ажратилиши таъминланади. Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун қиймати 30 миллион сўмгача бўлган кичик ишлаб чиқариш ускуналари, кўчма дўконлар (food truck), мотороллер, скутер ва шу каби бошқа асосий воситаларни сотиб олиш учун 5 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан гаровсиз ва фоизсиз қарз ажратилади.
Фармон ижросини таъминлаш мақсадида “Янгиҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғинига бириктирилган “Ўзмиллийбанк”АЖ Навоий бош бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинчалик бажарувчи Хусен Амонов электр мотоциклларни ўз эгаларига топширар экан, эндиликда ушбу 5 нафар оила вакиллари бандлигини таъминлаган ҳолда мазкур воситалардан унумли ва самарали фойдаланиб, ўз даромадларини оширишларига ишонч билдирди.
Ўз навбатида оилалар вакиллари ҳам камбағаллик даражасидан чиқиб кетишларини, оилавий даромадларини ошириб, турмуш фаровонлигини яхшилаб олишини билдирди. Вилоятда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасидаги амалий ишлар давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири