Журналистлар меҳнати эътироф этилди
Сирдарё вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармасида 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан тадбир ташкил этилди. Унда бир гуруҳ ижодкорларнинг фаолияти муносиб тақдирланди.Сана муносабати билан уларга ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирда вилоятдаги муҳим ислоҳотлар, ижтимоий-сиёсий жараёнлар, жумладан, оила ва хотин-қизлар масалаларини ёритиб келаётган ижодкорларнинг саъй-ҳаракатлари алоҳида эътироф этилди.

– Оммавий ахборот воситалари — жамият ойнасидир. Айниқса, хотин-қизлар ҳаёти, оиладаги муаммолар, тенглик ва фаоллик масалаларида ёритилган холис материаллар кўпчиликни ўйлантиради, йўл кўрсатади. Шу маънода, сизларнинг меҳнатингиз жамият учун жуда муҳим, – деди Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси раҳбари Наргиза Тожибоева.

Тадбир давомида фаол ижодкорлар сўзга чиқиб, ўз таассуротлари ва фикрларини баён этишди. Юксак эътибор учун ўз миннатдорликларини билдиришди.
Айтиш жоизки, сўнгги йилларда Сирдарёда медиа соҳаси жадал ривожланмоқда. Янги таҳририятлар, ижтимоий тармоқларда фаол каналлар, маҳаллий блогерлар сафи кенгаймоқда. Бу эса жойлардаги воқеа-ҳодисаларни тезкор ва таъсирли ёритишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири