Журналистлар боғчалар фаолияти билан танишди
Гулистон туманида мактаб ва мактабгача таълим муассасаларини замонавийлаштириш, уларнинг инфратузилмасини тубдан янгилаш ҳамда таълим сифатини тубдан яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ушбу ислоҳотларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида тумандаги бир қатор таълим муассасаларига оммавий ахборот воситалари ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди. Иштирокчилар таъмирлаш, реконструкция ва қурилиш ишлари билан яқиндан танишди. Танишув "Олтин водий" маҳалласида жойлашган 4-сонли мактабгача таълим муассасасидан бошланди. 1990 йилда қурилган ушбу бино таъмирталаб ҳолатда эди. Ҳозирда у тўлиқ реконструкция қилинмоқда. Лойиҳа доирасида давлат бюджетидан 4 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган. 30 нафарга яқин ишчи қурилиш ишларига жалб этилган. Энди улар томонидан объектда демонтаж, фасад қисмларини янгилаш ва ташқи қопламаларни алмаштириш ишлари олиб борилмоқда. Янги лойиҳага кўра, муассаса сиғими 140 ўриндан 180 ўрингача кенгайтирилади.
[gallery-24195]
Пресс-тур иштирокчилари Шарқ ҳақиқати маҳалласида жойлашган 26-сонли умумтаълим мактабида ҳам бўлишди. Бу ерда “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди. Мактабдаги таъмирланган синфхоналар, спорт зали ўқувчилар ихтиёрида.
Мустақиллик маҳалласидаги 23-сонли мактабгача таълим муассасаси фаолияти иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Бу ердаги педагоглар жамоасининг фидокорона меҳнати ОАВ вакиллари томонидан алоҳида эътироф этилди. “Гулистон ҳаёти” газетаси муҳаррири томонидан болаларга эртак китоблари совға қилинди.
Пресс-тур якунида журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларига соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоб берилди.
Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат) ЎзА мухбирлари