ЖССТ: вабо, менингит ва ўлат касалликлари бўйича сўнгги глобал тенденциялар
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 2025 йилда вабодан ўлим ҳолатлари 30 фоизга ошди
2025 йилда 47 та давлат ЖССТга 451 499 та вабо ҳолати ва 7870 та ўлим қайд этилгани ҳақида маълум қилди. Бу 1999 йилдан буён ЖССТга тақдим этилган вабодан йиллик ўлим кўрсаткичларининг энг юқорисидир.
Етти давлат — Ангола, Бангладеш, Конго Демократик Республикаси, Нигерия, Жанубий Судан, Судан ва Яман глобал миқёсда қайд этилган барча вабо ҳолатлари ва ўлимларнинг тахминан 90 фоизини ташкил этди. ЖССТнинг Африка минтақаси энг катта улушга эга бўлиб, 2024 йилга нисбатан касалланиш 34 фоизга, ўлим ҳолатлари эса 58 фоизга ошган.
– Вабодан ўлим ҳолатларининг кўпайиши олдинда бизни қандай жиддий синовлар кутиб турганини эслатиб туради, – деди ЖССТнинг Фавқулодда вазиятлар дастури ижрочи директори доктор Чикве Иҳеквеазу. – Бугунги кунда бизда ушбу касалликнинг олдини олиш ва уни даволаш воситалари мавжуд экан, ҳеч ким вабодан ўлмаслиги керак. Касалланиш ва ўлим ҳолатларининг кам сонли давлатларда тўпланиб қолгани хавфсиз сув, санитария ва гигиена соҳасига йўналтирилган мақсадли инвестициялар энг катта самара бериши мумкин бўлган жойларни кўрсатади. Касалликларни кузатишнинг кучайиши, жамоатчиликнинг фаоллиги, эмлаш ва сифатли тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятлари билан биргаликда бундай инвестициялар бу тенденцияни ўзгартиришга ёрдам беради.

Вабо — Vibrio cholerae бактериялари келтириб чиқарадиган ўткир диарея касаллиги бўлиб, айниқса, хавфсиз сув ва санитария шароитлари бўлмаган ҳудудларда нажосат билан ифлосланган озиқ-овқат ва сув орқали тарқалади.
Вабонинг олдини олиш ва уни даволаш мумкин бўлса-да, агар кучли сувсизланиш ўз вақтида даволанмаса, у ўлимга олиб келиши мумкин. Вабодан қайд этилган ўлим ҳолатларининг бешдан биридан кўпроғи тиббиёт муассасаларидан ташқарида содир бўлган, бу эса ҳамон жуда кўп беморлар ўз вақтида тиббий ёрдамга етиб бора олмаётганини кўрсатади. Тиббиёт муассасаларида даволанган беморлар орасида глобал миқёсда ўлим кўрсаткичи 1 фоиздан пастни — адекват ёрдам кўрсатиш меъёрини ташкил этди. Бироқ 2025 йилда 12 та мамлакатда бу кўрсаткич 1 фоиздан ошиб кетди.
Оғиз орқали қабул қилинадиган вабога қарши вакциналарнинг глобал ишлаб чиқарилиши 2022–2025 йиллар оралиғида икки баравардан ортиқ ошиб, йиллик тахминан 30 миллион дозадан қарийб 80 миллион дозага етди ва вакциналарнинг мавжудлиги сезиларли даражада яхшиланди. Ўтган йили Вакцина таъминоти бўйича халқаро мувофиқлаштирувчи гуруҳ (ICG) зарар кўрган мамлакатларда фойдаланиш учун 71 миллион дозани, жумладан, уч йилдан ортиқ вақт давомида тўхтатиб турилгандан сўнг шу йилнинг бошида қайта тикланган профилактик эмлаш учун 20 миллион дозани тасдиқлади.
Бактериал менингит Сенегалдан Эфиопиягача чўзилган ва мунтазам равишда эпидемиялар содир бўладиган Африка менингит минтақасидаги давлатлар учун ҳамон жиддий юқори юклама бўлиб қолмоқда. 2025 йилда минтақадаги 26 та давлатдан 24 таси ЖССТга 21 526 та гумон қилинган ҳолат ва 971 та ўлим ҳақида хабар берди, бу эса 4,5 фоизлик ўлим кўрсаткичига тўғри келади. Ҳар икки йил учун ҳам маълумот берган мамлакатлар орасида касалланиш ўтган йилга нисбатан 5,9 фоизга камайган.

Менингит — бош ва орқа мияни ўраб турувчи тўқималарнинг яллиғланиши бўлиб, бактериал менингит унинг энг хавфли тури ҳисобланади. Бутун дунёда бактериал менингитнинг кўплаб ҳолатларига тўрт хил бактерия сабаб бўлади.
Эмлаш бактериал менингитнинг асосий сабабларидан бири бўлган менингококк менингитига қарши курашиш чораларини тубдан ўзгартириб юборди. 2010 йилда менингококк А конъюгат вакцинаси жорий этилганидан бери А серогуруҳидаги касалланишлар эмланган аҳоли ўртасида 99 фоиздан ортиққа камайди ва вакцина жорий этилган мамлакатларда 2017 йилдан буён ҳеч қандай тасдиқланган ҳолат қайд этилмади.
Бешта менингококк серогуруҳига қарши кенгроқ ҳимояни таъминловчи Men5CV/MMCV вакцинаси ҳозирда минтақада ҳам ICG орқали эпидемияга қарши жавоб чоралари, ҳам профилактик эмлаш кампаниялари учун жорий этилмоқда. 2025 йилда Нигер Республикаси ушбу вакцинадан фойдаланган ҳолда мамлакат миқёсидаги кампанияни амалга оширган биринчи давлат бўлди.

Ўлат — одатда ҳайвонлар ўртасида бургалар орқали тарқаладиган ва баъзан одамларни ҳам юқтирадиган бактериал касаллик.
2019–2025 йиллар оралиғида 10 та мамлакат ЖССТга одамларда шубҳа қилинган ўлат ҳолатлари ҳақида хабар берди, уларнинг олтитасида тасдиқланган ҳолатлар қайд этилган. Умумий ҳисобда ЖССТга 3847 та гумон қилинган ҳолат ва 423 та ўлим ҳақида маълумот берилди, бу 11 фоизлик ўлим коэффициентига тўғри келади. Ҳолатларнинг аксарияти Конго Демократик Республикаси ва Мадагаскарда қайд этилган бўлиб, у ерда ўлат айрим ҳудудларда эндемиклигича қолмоқда. Ўлат ҳолатларини хабар қилмайдиган мамлакатларда ҳам учраши мумкин ва йиллик касалланиш сони эпидемияларнинг вақти, жойи ва кўламига қараб ўзгариб туради.
Ўлатни эрта аниқлаш, юқишини камайтириш ва йирик эпидемияларнинг олдини олиш учун кемирувчилар ва бошқа ҳайвонлар популяциясини тинимсиз кузатиб бориш ҳамда эпидемияларга тезкор жавоб қайтариш жуда муҳимлигича қолмоқда.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА