Жорий ҳафта Президент иштирокида қандай воқеалар кутилмоқда?
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизматининг бугун, 19 апрель куни бўлиб ўтган навбатдаги брифингида жорий ҳафта бўладиган тадбирлар анонси ҳам берилди.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг қайд этишича, бу ҳафта хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича кенгайтирилган йиғилиш ўтказилиши режалаштирилган.
Маълумки, бу соҳа иқтисодиётда, аҳоли бандлигини таъминлашда жуда катта салоҳиятга эга. Ривожланган мамлакатларда ялпи ички маҳсулотнинг катта қисмини шу соҳа таъминлайди. Мамлакатимизда ҳам соҳани тўлиқ ишга солиш учун янги имкониятлар, қулайликлар белгиланиши кутилмоқда.
Брифингда мамлакатимиз ҳаётига оид халқаро кун тартиби ҳақида ҳам маълум қилинди. Президентимиз жорий ҳафта Бангладеш, Чехия, Миср, Иордания, Туркия, Европа Иттифоқи ва Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги янги элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олади.
Шунингдек, жорий ҳафтада давлатимиз раҳбари иштирокида ойнинг охиригача ташкил этиладиган бир қатор икки томонлама ва йирик халқаро тадбирларга тайёргарлик масалалари кўрилади.
Брифинг, одатдагидек, ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилди.
ЎзА