Жўрабек Мирзамаҳмудов: “Энергетика соҳасида вазифаларни муваффақиятли бажариш, аввало, билимли ёш кадрларга боғлиқ”
Энергетика соҳасида ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг салоҳиятини ривожлантириш давлатимиз сиёсатида устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Бу соҳадаги кадрлар тайёрлаш, уларни малака ва тажриба билан таъминлаш, инновацион ғояларини амалга ошириш имконини бериш мамлакатнинг барқарор энергетика тараққиёти ҳамда стратегик ривожланиши учун муҳим аҳамият касб этади.
Бугун Д.И. Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент филиалида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ёшлар билан навбатдаги очиқ мулоқотида шу масалалар ечимига эътибор қаратди.
Соҳа мутахассислари, талабалар иштирок этган ушбу учрашувда Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов барча ёшларни муборак Рамазон ойи билан самимий табриклаб, кейинги йилларда мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, муносиб меҳнат ва таълим шароитларини яратиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.
Қайд этилганидек, ёқилғи-энергетика тармоғининг равнақи мамлакат иқтисодиёти учун муҳим ҳисобланади. Шу сабабли, соҳада амалга оширилаётган лойиҳалар, “яшил” энергетикани ривожлантириш бўйича эришилаётган натижалар ва бу борадаги режалар муҳим аҳамиятга эга. Айнан бундай жараёнда ёшларнинг билим ва салоҳияти ва уларнинг фаол иштирокини таъминлаш устувор вазифалардандир.
[gallery-27753]
Бугунги кунда соҳада 105 мингдан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Шундан 15 минг 85 нафарини 30 ёшгача бўлган ходимлар ташкил этади. Уларнинг 237 нафари (шу жумладан, 7 нафар хотин-қиз) раҳбарлик лавозимларида, 3 минг 316 нафари мутахассис сифатида, 11 минг 532 нафари эса ишлаб чиқариш корхоналарида фаолият юритмоқда.
Соҳада кадрлар захирасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2025 йилда 1 минг 358 нафар олий таълим муассасаси битирувчиси ишга қабул қилинган бўлса, 1 минг 18 нафар йигит-қиз коллеж ва техникумларни тамомлаб, тармоқ корхоналарида меҳнат фаолиятини бошлади. Бу эса ёшларнинг энергетика соҳасига бўлган қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади. Ёш мутахассисларнинг тажрибасини ошириш мақсадида улар хорижий давлатларга хизмат сафарлари ва малака ошириш курсларига юборилмоқда. Жумладан, 2025 йилнинг ўзида 311 нафар ходим хорижда тайёрлов ва қайта тайёрлов курсларида иштирок этди.
– Бугун энергетика тармоғи олдида турган вазифалар кўлами кенг ва янада масъулиятлидир. Бу вазифаларни муваффақиятли бажариш, аввало, билимли, ташаббускор ва замонавий фикрлайдиган ёш кадрларга боғлиқ. Шу боис ,вазирлик тизимида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий ўсиши учун шароит яратиш ва инновацион ғояларини рўёбга чиқариш устувор вазифамиз бўлиб қолади. Энергетика соҳасида ёшлар улуши ортиб бораётгани, янги битирувчиларни ишга қабул қилиш, хорижий тажрибани ўрганиш ва малака ошириш ишлари тизимли йўлга қўйилганини алоҳида айтиш зарур. Шу билан бирга, келгусида йирик энергетика лойиҳаларини амалга оширишда ёш мутахассисларнинг иштироки янада кенгаяди ва уларнинг илмий-амалий ташаббуслари қўллаб-қувватланади, – деди мулоқот чоғида вазир.
Шунингдек, мулоқотда хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда йирик қувватли иссиқлик, қуёш ва шамол электр стансияларини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар ҳақида ҳам сўз юритилди. Олдинда турган вазифалар кенг қамровли экани, ёшларнинг ташаббус ва инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган мазкур мулоқот ёшларнинг фикр ва таклифларини эшитиш, соҳадаги мавжуд масалаларга биргаликда ечим излаш ҳамда янги ғояларни илгари суриш имконини бергани билан аҳамиятлидир.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА