Жўқорғи Кенгес раиси тадбиркорлар билан учрашди
Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев раҳбарлигида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва янги лойиҳаларни ишга туширишда учраётган муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича учрашув бўлиб ўтди.
Унда мебелсозлик ва ҳунармандчилик билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббуслари тингланди.
Таъкидлаш жоиз, Президентимиз раҳбарлигида юртимизда тадбиркорликни янада ривожлантириш, улар учун барча қулай шароит ва имкониятларни яратиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунда Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган фармон ва қарорлар бу борадаги чора-тадбирлар кўламини янги босқичга кўтармоқда.

Тадбирда тадбиркорлар дуч келаётган муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Янги иш ўринларини яратишга қаратилган ҳар қандай ташаббус доимо қўллаб-қувватланиши алоҳида таъкидланди.
Учрашувда тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммолар юзасидан билдирилган масалаларнинг аксариятига жойида ечим топиш чоралари кўрилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири