Жўқорғи Кенгес раиси тадбиркорлар билан учрашди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаевнинг Тўрткўл, Беруний, Тахтакўпир, Қораўзак, Бўзатов ва Қонликўл туманларидаги тадбиркорлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Унда мазкур туманлар ҳокимлари, мутасадди вазирлик ҳамда идора раҳбарлари иштирок этишди.
Таъкидланганидек, тадбиркорлар бугунги кунда иқтисодиётимиз тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиш билан бирга, янги иш ўринлари яратишда ҳам муҳим ҳисобланади. Уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашда эса бевосита яқиндан мулоқот орқали муаммоларига ечим топиш бугунги кун талаби ҳисобланади.

Учрашувда янги лойиҳаларни ишга туширишда учраётган муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш, инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг тўлиқ қувватда ишлашини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, айрим соҳа мутасаддиларининг ўз ишига совуққонлик билан қараши ва бошқа сабабларга боғлиқ дуч келаётган муаммолар бўйича яқиндан фикр алмашилди.
Тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммолар тингланди ва улар томонидан билдирилган мурожаатларнинг аксариятига жойида ечим топиш чоралари кўрилди. Вақт талаб этиладиган мурожаатлар назоратга олиниб, тез фурсатда ижобий ҳал этиш бўйича тегишли соҳа раҳбарларига топшириқлар берилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири