Жонли табиат жонкуярлари
Карманалик Илҳом ака Жамилов ишдан бўш вақтларида овчилик билан шуғулланади. Мана, 25 йилдирки, вилоят овчилар ва балиқчилар спорт бирлашмаси Навоий вилояти бўлими аъзоси бўлиб, Айдаркўл, Тўдакўл ва Шўркўл атрофларида куз-қиш ойларида дўстлари билан турли қуш ва ёввойи ҳайвонларни овлайди.
– Мен ёшлигимдан овчиликка, балиқ тутишга қизиқаман, – дейди И.Жамилов. – 40 ёшимда мазкур бирлашмага аъзо бўлган эдим. Шундан буён ҳаваскор овчилик билан шуғулланиб келаман. Унга аъзо бўлишнинг энг қулай ва самарали томони шундаки, биринчидан, тегишли тартибда рухсатнома расмийлаштирилгандан кейин сизни ҳеч ким безовта қилмайди. Иккинчидан эса ов жойида керакли шароит муҳайё этиб берилади. Ҳар йили сентябрь ойидан бошлаб дам олиш кунлари дўст-қадрдонлар билан овга чиқаман. Ов, бир томондан, кишига ҳузур бағишласа, иккинчи томондан, иш жараёнида юзага келган чарчоқни тарқатади.

Албатта, кўпчилик юртдошларимиз овчилик ва балиқ тутишга иштиёқманд. Аммо улар буни қандай қилиб қонунийлаштириш ва қулай шароитга эга бўлиш тартиб-қоидаларини билмайди. Шу ва бошқа саволларга жавоб топиш мақсадида Навоий вилояти овчилар ва балиқчилар бирлашмасида бўлдик.

Мазкур бирлашмага унинг талабларини бажарадиган, Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган ва чет эл фуқаролари аъзо бўлиши мумкин. Улар якка тартибда аъзоликка қабул қилинади. Аъзолар белгиланган тартибда кириш ва йиллик аъзолик бадалларини тўлайди ва Низомда белгиланган ҳуқуқлардан тўлиқ фойдаланган ҳолда мажбуриятларини адо этади.

– Бугунги кунда бирлашманинг 1650 нафар аъзоси бор, – дейди бирлашма директори Улуғбек Ҳамидов. – Асосий мақсадимиз аъзоларимизга табиат ва унинг бойликларига эҳтиёткорона муносабатда бўлишни ўргатиш, дам олишлари учун шарт-шароит яратиш, ёввойи қуш ва ҳайвонларни кўпайтириш, ҳавонинг совуқ кунларида уларни озиқлантириш, аъзоларни овчилик-балиқчилик ресурсларини сақлаш, бойитиш ва улардан оқилона фойдаланиш юзасидан олиб борилаётган ишларга фаол жалб қилишдан иборат.

Бугунги кунда бирлашманинг Тўдакўл ва Айдаркўлда 2 тадан, Шўркўл ва Зарафшон дарёси бўйида махсус участкаси мавжуд. «Навоийбалиқсаноат» масъулияти чекланган жамияти, вилоят Экология ва табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси, Ўрмон хўжалиги бошқармаси, ички ишлар бошқармаси ва бошқа бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб борилади. Шунингдек, Айдаркўл ва Тўдакўлда «Сувда сузувчи қушларнинг асосий яшаш манзили бўлган халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқ ерлар тўғрисида»ги Конвенция (Рамсар конвенцияси) талаблари асосида сувли ҳавзаларда ботқоқ ва кўчманчи қушларни муҳофаза қилиш билан ҳам шуғулланилади. Йилига икки марта (баҳор-куз) қушларнинг турлари бўйича белгиланган тартибда ҳисоблаш ишлари олиб борилади. Натижада улар сонининг ошиши ёки камайишига қараб, ов мавсумида аъзоларимизга рухсатномалар расмийлаштириб берилади.
– Бундан ташқари, қиш фаслида ёввойи ҳайвонлар ва қушларни озиқлантириш ишларини ташкиллаштирамиз, – дейди бирлашма масъул ходими Ўткир Жўраев, – Кўлларда балиқларни кўпайтириш чораларини кўрамиз. Умуман олганда, жонли табиатни муҳофаза қилиш, кўпайтириш тадбирлари, ноқонуний овчиликка қарши курашиш чораларини амалга ошириш билан бир қаторда ёввойи ҳайвон ва қушлар, балиқ овини ташкил этиб берамиз. Аъзоларимиз ўртасида спорт мусобақалари уюштириб, уларни рағбатлантирамиз. Бугунги кунда Пўлат Ботиралиев, Рашид Турсунов, Геннадий Кутеров, Бахтиёр Ботиров каби фахрий аъзоларимиз бизнинг ҳар бир хайрли ишимизда кўмакдош.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кўпайиш мавсумида, яъни апрель-май ойларида балиқ, март-август ойларида эса ёввойи ҳайвон ва қушларни овлаш тақиқланади.
Бирлашма аъзолари томонидан ҳамкор ташкилотлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан биргаликда турли тадбирлар, қўшма рейдлар ўтказилиб, она табиатимиз гўзаллигини сақлаб қолиш, унинг бойликларидан оқилона фойдаланган ҳолда келгуси авлодларга етказиш чоралари кўрилмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА