Жонлантирилган тарих
Дунёнинг ривожланган давлатлари ва уларнинг йирик сайёҳлик марказларида жонлантирилган тарихни кўриш мумкин.
Австралиянинг олтин қазувчилар шаҳри Боталот, Мисрнинг Қоҳирасидаги Сфинкс пойи, Корея Республикасининг Сеул шаҳри яқинидаги дунёга машҳур “Сарой жавоҳири” фильми тасвирга туширилган қишлоқ каби яна кўплаб манзилларда актёрлар ўша давр, замон қаҳрамонлари кийимида саҳнага айланган кўчалар, майдонлар, саройларда ҳаракат қилади. Томошабин эса гўё асрлар оша ўша даврга бориб қолгандек, воқелик иштирокчисидек сезади ўзини.

Қўқон шаҳридаги Худоёрхон ўрдаси мажмуасида ҳам “Хон қабули” маросими саҳналаштирилди. Унда ўнлаб тарихий шахслар сиймосидаги актёрлар қатнашди.

Тадбир Фарғона вилояти ҳокимлиги, Маданият вазирлиги, Туризм қўмитаси, Қўқон шаҳар мусиқали драма театри ҳамда Қўқон шаҳар музей-қўриқхонаси ҳамкорлигида амалга оширилди.

Саҳна кўриниши орқали хонлик даври сарой анъаналари, миллий қадриятлар ва тарихий мероснинг ўзига хос жиҳатлари намоён этилди. Театрлаштирилган чиқишлар меҳмонлар ва сайёҳларда катта қизиқиш уйғотиб, уларда унутилмас таассурот қолдирди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА