Жонкелдида янги археологик ёдгорликлар топилди
Бухоро вилояти Маданий мерос бошқармасининг ЎзАга берган маълумотига кўра, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Миллий археология маркази, Самарқанд археология институти ва Самарқанд Давлат университети мутахассисларидан иборат экспедиция жорий йилнинг 25 июнь – 25 июль кунларида Бухоро вилояти Пешку туманига қарашли Жонкелди қишлоғи атрофи ҳудудларида (2 та ҳудуд: 23500 га ва 6700 га майдонда) археологик ёдгорликларни аниклаш ва хариталаштириш мақсадида дастлабки дала-қидирув ишларини олиб борди.
Қизилқум чўлини археологик ўрганиш ишлари ХХ асрнинг 40-йиллари охирларидан бошлаб амалга оширилган ва бу ердан юзлаб ёдгорликлар, йирик маданиятлар топилди. Илмий муомалага киритилган бўлсада, ҳудудда янгидан-янги моддий маданий манзилларнинг топилиши давом этмоқда. Бухоро вилояти, Пешку туманига қарашли Жонкелди қишлоғи атрофидан ҳозиргача биронта ёдгорлик топилмаган эди. Қизилқум археологиясининг йирик тадқиқотчиси А.В. Виноградов томонидан Жонкелди қишлоғидан 20-25 километрлар чамаси жанубий-шарқдан Тошбулоқ ва Тошқазған топилма жойлари фанга маълум қилинган эди, холос. Бироқ, ушбу ёдгорлик шартномада белгилаб берилган электростанция ҳудуди чегарасидан четроқда жойлашган.

Жонкелди қишлоғи атрофи ҳозирда фауна-флораси жуда камбағал, куннинг тенг ярмида шамол эсиб турадиган, кучли даражада ювилган паст тоғлар ва ботиқлардан иборат. Ҳудудни Қулжуқтов тизмаси кесиб ўтади ва атрофи мавсумий қор-ёмғир ҳамда атиги бир нечтагина булоқлар суви билан тўйинади.

Қулжуқтов — оролча типидаги тоғли тизма бўлиб, Қизилқум чўлининг марказий қисмида жойлашган. Тизманинг узунлиги 100 киломтерга яқин, эни — 15 киломтер, максималь баландлиги — 785 метр. Тоғнинг жанубий этаклари (Жонкелди ҳудуди) яссилашган (375 м), қуруқ каньонлар билан ажралган; шимолий қисми тик қояли жарликларга эга. Қўлжуқтов кўпроқ кристаллашган сланец ва охактошлардан таркиб топган, атрофларида юра, бўр ва палеоген чўкинди жинслари учрайди ва устки қисми баъзан шамол ёрдамида келтирилган қумлар билан қопланган.

Жонкелди ҳудудида бир вақтлар мавжуд бўлган кремний конлари эҳтимол, кичик бўлганлиги сабабли бузилиб ёки кўмилиб, деярли йўқолиб кетган. Бу ерда тош даври одамлари томонидан ишлов беришга яроқли яшма, кремнийлашган охактош ва кварц учрайди. Ҳудуддаги ботиқлар бўйларида айрим ишлов берилган тош буюмлар ҳам топилди. Бироқ улар табиий таъсирлар туфайли кучли даражадаги дефляцияга учраган ва типологик жиҳатдан ўқилиши қийин.

Шундай бўлсада ибтидоий одамлар томонидан ишлов беришга яроқли тош хомашёсининг ва қадим ўтмишда мавсумий сув манбаларининг мавжудлиги экспедиция аъзоларига ҳудудда археологик-қидирув ишларини давом эттиришга умид бағишлади. Нима бўлганда ҳам лойиҳага кўра белгиланган ҳудуд археологик жиҳатдан тадқиқ қилиниши лозим эди. Шунинг учун ҳам йилнинг экстрималь иссиқ шароитларига қарамасдан экспедиция ҳудудда ўз ишларини давом эттирди. Натижада, Жонкелди қишлоқ марказидан 10 киломтер шимолий-шарқда жойлашган номсиз ботиқнинг (ҳажми: 10х3 км) шимолий бортидан неолит даврига оид том маънодаги тошга ишлов бериш устахонаси топилди.

Устахона денгиз сатҳидан 383 метр баландликда, ҳозирда емирилиб кетган кремний конлари устида жойлашган. Майдони 70х30 метр ва икки томондан жарликлар билан кесилган. Бу ерда кремнийнинг оқ, жигарранг ва кулранг тусдагилари учрайди. Бироқ улар орасида оқ кремний кўпчиликни ташкил қилади. Ёдгорликда ўтказилган қазиш ишлари бу ерда маданий қатламнинг ягоналигини ва қалинлиги 40 см гача етишини кўрсатди. Ушбу чуқурликдан кейин топилмалар тугайди ва оҳактошли қоялар бошланади.
Устахонадан 400 дан зиёд ишлов берилган тош буюмлар йиғиб олинди. Топилмалар орасида бир қатор хомашё деффекти туфайли ёки бошланғич босқичларда ташлаб юборилган нуклеуслар, учиринди ва пластиналар мавжуд. Шунингдек тўпламда тошларни чақмоқлаш билан боғлиқ техник йўнилғилар катта қисмни ташкил қиладики, бу тошларга бирламчи ишлов бериш ишлари шу жойнинг ўзида амалга оширилганлигидан далолат беради. Афтидан, неолит даври аҳолиси (мил авв. VII-V минг йилликлар) бу ерга сифатли хомашёни қўлга киритиш учун ташриф буюрган.
Материалларнинг гувоҳлик беришича, бу ерда мавжуд бўлган кремний қалин охактош қобиққа ва ички деффектларга эга. Шунинг учун ҳам ибтидоий усталар кремнийни шу жойнинг ўзида кераксиз қобиқлардан ва ички деффектлардан тозалаб, йўнилғилар ёки тайёр (деффектлардан холи) нуклеуслар шаклида маконларга олиб кетган. Бунинг учун шу жойнинг ўзида тошларга бирламчи ишлов берилган. Типологик жиҳатдан бу “том маънодаги” устахона, яъни кремний конлари яқинида жойлашган бу жойга неолит даври одамлари хомашё олиб кетиш учун ташриф буюрган. Ёдгорликка Жонкелди неолит даври устахонаси номи берилди.
Бу ердан йиғиб олинган археологик материалларнинг техник-типологик ва кенг қиёсий таҳлиллари устахонанинг моҳиятини кенгроқ очиб бериш имконини беради. Бироқ ҳозирданоқ айтиш мумкинки, Жонкелди ҳудудидан янги тош даврига оид янги ёдгорлик – тошга ишлов бериш устахонаси топилди ва Ўзбекистон тарихи неолит даврига оид янги бир ёдгорлик билан бойитилди. Жонкелди ҳудуди ибтидоий одамлар яшаши учун қулай палеоэкологик шароитларга эга бўлган. Бу ерда мавжуд бўлган сифатли кремний конларига эҳтимол, яқин атроф ёки қўшни ҳудудлардан ибтидоий аждодларимиз ташриф буюриб, хомашё олиб кетгандир.
Устахона топилган номсиз ботиқни тадқиқ қилиш жараёнида унинг жанубий-ғарбий бортидан ўрта асрларга (V-X асрлар) оид тизимли тарзда шимолий-ғарб - шимолий-шарқ йўналишидаги бир чизиқ бўлиб чўзилган 8 та доира шаклидаги мозорқўрғонлар гуруҳи топилди. Қўрғонларнинг устки қисми турли ўлчамлардаги (20-50 см) оҳактошлар билан доира шаклида қаланган тош тўпламлари кузатилди. Тош қаламаларнинг диаметри 5 та холатда 2 метр радиусни, қолган 3 тасида янада кичикроқ диаметрга эга. Қўрғонлар орасидаги масофа 3 метрни ташкил қилади. Қабрлар деб таҳмин қилинаётган бу қурилмаларнинг 4-сидан кўплаб сопол парчалари йиғиб олинди. Сополлар илк ўрта асрлар сополлари деб тахмин қилинмоқда.
Шундай қилиб, Бухоро вилояти Пешку тумани Жонкелди қишлоғи атрофидаги лойиҳа бўйича белгилаб берилган 30 мингдан ортиқ ҳудудларнинг археологик харитасидан “оқ доғ”лар олиб ташланди. Бу ҳудудда неолит ва ўрта асрларда аждодларимиз истиқомат қилганлиги аниқланди.
Зариф Комилов, ЎзА