Жонажон Ўзбекистонимизни янада обод қилайлик!
30 июнь – Ёшлар куни
Ёшлар юртнинг келажак тақдирини белгилаб берувчи асосий кучдир. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва кўмаги асосида мамлакатимизда ёшлар сиёсатига жиддий эътибор қаратилаётгани ҳам бежиз эмас. 30 июнь – Ёшлар куни сифатида кенг нишонланар экан, ёшлар учун алоҳида сана байрам сифатида белгиланишининг ўзиёқ давлатимиз раҳбари томонидан ўсиб келаётган авлод тақдири масаласига қаратилган алоҳида эътиборнинг яққол намунасидир.
Йил бошидан буён юз минглаб ёшларнинг бандлигини таъминлашга эришдик. Хусусан, талаб юқори бўлган касблар ва тадбиркорликка ўқитиш, шу асосда бизнесни йўлга қўйишда молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида янги тизим йўлга қўйилган. Жумладан, ушбу қатлам учун маълумотлар базаси – “Ёшлар дафтари” шакллантирилиб, улар билан алоҳида манзилли ишлар йўлга қўйилган. Эндиликда республиканинг барча ҳудудларида уйма-уй юриш орқали маҳаллалар кесимида кўмакка муҳтож бўлган ишсиз ёшлар рўйхатини шакллантириш давом этмоқда.
Жорий йилнинг 13 апрель куни Президентимиз раҳбарлигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар асосида 2021 йилнинг 2 чорагида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги барча секторлар ва маҳаллалар бўйича режа тасдиқланди. Унга кўра, бу чоракда 229 минг 832 нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш белгилаб олинганди.
Шунингдек,“Ёшлар дастурлари” доирасида йил бошидан буён 24 та Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил этилиб, 118 та лойиҳа йўлга қўйилиши натижасида 843 та иш ўрни яратилди.
Беш муҳим ташаббус дастлаб Тошкент вилоятининг Бўка, Қуйичирчиқ туманлари ҳамда Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида тажриба сифатида жорий этилди. Шунингдек, бу тажриба 42 та туман ва шаҳарнинг 168 та олис ва оғир аҳволдаги маҳалласида муваффақиятли амалга оширилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида “5 ташаббус лойиҳа офиси” фаолияти йўлга қўйилиши натижасида лойиҳа доирасида ёшларнинг кенг қамровлигига эришилди.
Хусусан, ёшларни маданият ва санъатга жалб этиш мақсадида бахшичилик ва мақом мактаблари фаолияти йўлга қўйилди. Илк маротаба Термизда бахшичилик, Қўқонда эса ҳунармандчилик халқаро фестиваллари ўтказилди.
Республикамиздаги барча туман (шаҳар) маданият марказлари ва умумтаълим мактабларида ёшларнинг қизиқишидан келиб чиқиб, қўшимча 1,5 мингта тўгарак ташкил этиш баробарида 6 та маданият маркази қайта таъмирланди.
Шунингдек, Ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш мақсадида Аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни жорий этиш, рақамли технологиялар, замонавий ахборот технологияларини ўрганиши, олган билимларини юртимизнинг барча ҳудудларидаги ёшларга етказиши ва бу орқали мамлакатимизда янги авлод технологиялари ривожига ҳисса қўшиш мақсадида “Digital Generation”, “Бир миллион дастурчилар” лойиҳалари ва “Google Dev Fest” дастурчилар фестивали ташкил этилди.
Ҳудудларга “Маърифат карвони” тадбирлари доирасида “Ёшлар кутубхонаси” рукни остида 59 та номдаги 590 минг дона бадиий адабиёт чоп этилиб, республикамиздаги барча таълим муассасалари кутубхоналарига тарқатилди.
“Ёш китобхон” республика танловининг саралаш босқичларида 2019 йилда 1 миллион 200 мингдан ортиқ ёш фаол иштирок этиб, республика босқичида ғолиб бўлган 3 нафар ёшга Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси сифатида “Spark” автомашинаси берилди.
“Мард ўғлон” давлат мукофоти ва “Келажак бунёдкори” медалининг таъсис этилганлигини алоҳида таъкидласак, арзийди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоларига олий таълим муассасаларига киришда имтиёзлар бериш тўғрисида”ги қарори асосида 42 нафар фаол ёш давлат гранти асосида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.
2018-2020 йилларда республика бўйича Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган, олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида таълим олаётган жами 17 007 нафар талаба-ёшнинг шартнома тўлови (35 фоизи) учун жами 50,1 миллиард сўм маблағ тўлаб берилиши ҳам ёшлар учун муносиб туҳфа бўла олади.
Фаол ёшлар томонидан илгари сурилган ташаббуслар асосида 28 та турли йўналишда ташкилотлар тузилиб, самарали фаолияти йўлга қўйилди.
13 та хорижий давлат ёшлар ташкилотлари билан ўзаро тизимли ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ҳамкорлик битимлари имзоланди.
Ёшлар билан мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида ҳудудларда “Ёшлар қабулхоналари” ташкил этилди.
Ёшларга қаратилган бундай эътибор, беқиёс ғамхўрлик ва яратилаётган шарт-шароитлар йигит-қизлар ҳаётида янгидан-янги умидли саҳифалар очилишига замин яратмоқда.
Умуман олганда, бугунги ёш авлоднинг ўзига бўлган ишончи баланд. Турли ёт ғоялар, носоғлом муҳит, оқ-қорани ажратишда билим ва савиялари етарли. Бу борада тегишли идораларнинг олиб бораётган тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам муҳим ўрин тутади, албатта.
Жумладан, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни кескин камайтириш, уларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида “Қонун ва адолат – устувор, жиноятга жазо – муқаррар” принципи асосида тарғибот тадбирлари ўтказилиб келинади. Шу кунга қадар, ушбу тарғибот тадбирларида 250 мингдан ортиқ тарғибот материаллари ёшларга тарқатилди. Ўтган тўрт йил давомида ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни қийнаётган муаммоларини ҳал этиш мақсадида ёшлар иштирокида “Ҳоким ва ёшлар”, “Прокурор ва ёшлар”, “Суд ва ёшлар”, “Депутат ва ёшлар” мавзуларида очиқ мулоқотлар ўтказилиб, ёшларнинг 38 мингдан ортиқ муаммосини ижобий ҳал этишга эришилди. Шунингдек, маҳаллаларда “Нуроний ва ёшлар” уч авлод учрашувлари ташкил қилиниб борилади.
Коронавирус инфекциясининг юртимизга кириб келиши натижасида халқимиз бирдамлиги, якдиллиги яна бир бор синовдан ўтди. Айниқса, пандемия даврида ёшларнинг шижоаткорлиги, меҳру оқибати, катталарга елкадошлиги таҳсинга сазовор бўлди.
Кучайтирилган карантин пайтида ҳам ёшларнинг илм олишга бўлган қизиқиши сустлашмади. Биргина телеграм ижтимоий тармоғида “Masofaviy ta’lim” канали ишга туширилиб, унга 140 дан ортиқ дарс материаллари жойлаштирилди. Қувонарлиси, ҳозирги кунда ҳам 6 миллионга яқин ёш ушбу дарслардан унумли фойдаланаётир.
Шу ўринда чет элда ўқиётган ва меҳнат қилаётган ёшларимиз ҳам назардан четда қолмади. Мазкур ёшлар билан доимий алоқалар ўрнатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида 2017 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ташкил этилганди.
Бугун Ёшлар куни. Президентимиз фармонларига кўра,бир гуруҳ фаол ёшларимиз ҳукуматимизнинг юксак мукофотлари ва “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди. Мамлакатимизнинг барча ёшларини байрам билан қизғин табриклаб, жонажон Ўзбекистонимизни янада обод қилиш йўлидаги ишларига омад тилайман!
Алишер Саъдуллаев,
Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори.
ЎзА