Жон Заиди: Ўзбекистонда энергетика ривожи малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни оширмоқда
Мамлакатимизда меҳнат бозорини малакали кадрлар билан таъминлаш ва ёшларни замонавий касбларга тайёрлашга қаратилган халқаро ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Бу борада Саудия Арабистони билан йўлга қўйилаётган ташаббус нафақат касбий таълим тизимини такомиллаштириш, балки энергетика ва инфратузилма каби истиқболли тармоқлар учун халқаро стандартларга жавоб берадиган мутахассислар тайёрлашга ҳам хизмат қилади.
Бу ҳақда “Acwa” компаниясининг Ўзбекистондаги раҳбари Жон Заиди ЎзА мухбирига интервью берди.
– Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ва ўзаро ишончга асосланган муносабатлар изчил ривожланиб бормоқда. Айниқса, жорий йилнинг 16-18 июнь кунлари бўлиб ўтган Тошкент халқаро инвестиция форумида эришилган натижаларни алоҳида қайд этган бўлардим. Хусусан, мазкур ҳамкорликни амалий жиҳатдан янада мустаҳкамлашда “ТХИФ-2026” муҳим майдон вазифасини ўтади. Форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Саудия – Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши ҳамда Саудия Арабистони Энергетика ва сув таъминоти академияси вакиллари томонидан тегишли битим имзоланди.
Эътиборлиси, томонлар форум доирасида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида ўзбекистонлик ёшларни касбий камол топтириш ва бандлигини таъминлашга қаратилган стратегик шерикликка старт берди. Ташаббус юқори технологик тармоқларда малакали кадрлар етишмовчилигини бартараф этиш ва ёш мутахассислар ҳамда халқаро иш берувчилар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишга қаратилган.
Лойиҳани мувофиқлаштириш ва кенгайтириш учун Бирлашган бошқарув қўмитаси тузилади. Биринчи раис Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги вакили бўлади. Ўқув дастурларини ишлаб чиқиш Саудия Арабистони энергетика сектори учун асосий кадрлар конвейери бўлган Энергетика ва сув таъминоти академияси томонидан амалга оширилади. Ўзбекистондаги “Acwa” ташаббуснинг асосий ҳамкори ҳисобланади.
Биз мамлакатларимиз ўртасидаги инсон капиталини ривожлантириш соҳасидаги стратегик шерикликнинг бир қисми бўлганимиздан мамнунмиз. Академиямиз 17 йилдан ортиқ вақт давомида Саудия Арабистонининг сув ва энергетика соҳалари учун халқаро стандартлар асосида мутахассислар тайёрлаб келмоқда ва ишонамизки, бу тажрибага Ўзбекистонда ҳам талаб бўлади.
Имзоланган битим кучли таълим экотизимини яратишга замин ҳозирлайди. Лойиҳанинг биринчи йилиёқ биз EWA модели бўйича ишлаб чиқилган мақсадли касбий тайёргарлик дастурлари доирасида 100 нафар ўзбекистонлик ёшларни ўқитишни режалаштирганмиз. Шундай қилиб, биз Ўзбекистонга сармоя киритаётган Саудия компаниялари стандартларига жавоб берадиган юқори малакали ишчи кучини шакллантирамиз.
Стратегиянинг амалий ижроси малакали иш ўринларини яратиш юқори аҳамиятга эга бўлган Қорақалпоғистонда бошланади. Шу мақсадда “Acwa” маҳаллий ваколатхонаси (ACWA Power Sergeli) Нукус тумани ҳудудий электр тармоқлари (Nukus District Energy FE LLC) билан ўзаро англашув меморандумини имзолади. Мазкур ҳамкорлик минтақа ёшлари учун Ўзбекистонда ҳам, хорижда ҳам халқаро кўникмаларни эгаллаш ва энергетика соҳасида ишлаш имкониятини очади.
Ўзбекистонда энергетика лойиҳалари ўсишда давом этади. Шунинг учун ўз мутахассисларимизни тайёрлаш жуда муҳим. “Acwa” мисолида олти йил ичида биз мамлакатда нолдан 12 гигаваттгача бўлган йўлни босиб ўтдик. Бизда қурилиш босқичида кўплаб лойиҳалар мавжуд. Масалан, Самарқандда яна 1000 МВт қувватга эга фотоэлектр станциялари ва 1500 МВт/соат қувватга эга энергия жамлаш тизимларини ўрнатишни режалаштирганмиз. Бугун Ўзбекистон Президенти эълон қилган кенг кўламли саноат ташаббуслари кўп энергия талаб қилади. Демак, мамлакатга кўплаб юқори малакали кадрлар керак бўлади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, янги келишув инвесторнинг мавжуд таълим ташаббусларини янада кенгайтирди. Аввалроқ “ACWA” Сирдарё вилоятидаги Ширин энергетика коллежида ўқув тизимини модернизация қилиб, техник мутахассисларни тайёрлашнинг халқаро стандартларини жорий этган эди.
Лойиҳанинг молиявий барқарорлигини Саудия Арабистонининг йирик инвесторлари таъминлайди. “ТХИФ-2026” доирасида “ACWA Power Sergeli” Саудия Арабистонининг сув ресурслари ва инфратузилмани бошқариш соҳасидаги етакчи оператори “Miahona” корпорацияси билан ўзаро англашув меморандумини ҳам имзолади. Мамлакатда компания давлат-хусусий шериклик шартлари асосида саноат корхоналари ва муниципал объектлар учун сув таъминоти ҳамда оқова сувларнинг тўлиқ циклини таъминлайди.
Ушбу ҳужжатга асосан “Acwa” операцион ва услубий марказ ролини ўз зиммасига олади. Ваколатли тузилмалар Саудия Арабистони Энергетика ва сув таъминоти академияси (EWA) билан ҳамкорликда компания лойиҳани назорат қилади ва техник раҳбарлик қилади. Ҳар икки ташкилот экспертлари ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, ўқитувчилар таркибини ривожлантириш, шунингдек, ўқитиш сифатини назорат қилиш ва талабаларнинг ўзлаштиришини мониторинг қилиш билан шуғулланади. Бундай комплекс ёндашув битирувчиларнинг компетенциялари меҳнат бозорининг жорий ва келажакдаги талабларига мос келишини кафолатлайди.
Ўз навбатида, “Miahona” корпорацияси ўқув машғулотларги ҳомийлик қилади. Шу билан бирга, ҳамкорлик фақат молиявий қўллаб-қувватлаш билан чекланмайди, балки келишув Саудия Арабистонининг илғор тажрибасини таълим жараёнига интеграция қилишни ҳам назарда тутади. “Miahona” лойиҳа иштирокчилари учун ўзининг техник маслаҳатчилари ва халқаро билимлар базаларидан фойдаланиш имкониятини яратади. Шунингдек, ўзбекистонлик мутахассисларнинг амалиёт ўташини, ишлаб чиқариш ва реал саноат объектларига мунтазам боришларини таъминлайди.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.