Жиззахлик талаба Осиё чемпиони бўлди
Филиппин пойтахти Манила шаҳрида ўтказилган самбо бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон спортчилари яна бир юксак натижага эришди. Жиззах давлат педагогика университети талабаси Севинч Исроилова барча рақибларини мағлуб этиб, қитъа чемпионлигини қўлга киритди.
Филиппиннинг Манила шаҳрида самбо бўйича катталар ўртасидаги Осиё ва Океания чемпионати юқори савияда бўлиб ўтди. Илк бор Филиппин мезбонлик қилаётган нуфузли мусобақада Осиё ва Океаниянинг энг кучли самбочилари қитъа чемпионлиги учун беллашди. Мусобақада 31 мамлакатдан 500 нафардан ортиқ спортчи иштирок этди.

Қувонарлиси, мазкур мусобақада Жиззах вилояти ва мамлакатимиз спорт мактаби шарафини муносиб ҳимоя қилган Жиззах давлат педагогика университети жисмоний тарбия ва спорт факультети талабаси Севинч Исроилова юксак маҳорат, мустаҳкам ирода ва ғалабага бўлган интилишини намоён этди.
Ҳал қилувчи беллашувларга қадар барча рақибларини ишончли мағлуб этган ҳамюртимиз финалда ҳам устунлигини сақлаб қолди. Натижада ўз йўналишида фахрли биринчи ўринни эгаллаб, Осиё чемпиони ҳамда олтин медаль соҳибасига айланди.

Бу натижа нафақат Жиззах вилояти, балки мамлакатимиз самбо мактабининг халқаро майдондаги яна бир ёрқин ютуғи сифатида эътироф этилмоқда. Спортчининг ушбу муваффақияти ортида йиллар давомидаги машаққатли меҳнат, мураббийларининг юксак маҳорати ва юртимизда спорт соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган изчил ислоҳотлар самараси мужассам.
Айниқса, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган иқтидорли ёшларнинг халқаро мусобақаларда мамлакатимиз байроғини юксакларга кўтараётгани Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати ва спортни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалий натижа бераётганининг яна бир ёрқин тасдиғидир.

Жиззах давлат педагогика университети жамоаси ҳамда бутун спорт жамоатчилиги Севинч Исроилованинг ушбу улкан ғалабасини муносиб қарши олди. Ёш чемпионнинг халқаро майдондаги навбатдаги зафарлари мамлакатимиз спорт солномасини янада бойитишига ишонч билдирилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири