Жиззахлик мунис аёллар шарафланди
Жиззах вилоятида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Вилоятда ўтган йили ишчи гуруҳ томонидан оилавий шароити, ижтимоий аҳволи, имконияти, маълумоти ва ўзлари қизиқишлари ўрганилиб, уларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш мақсадида 17 мингга яқин ишсиз хотин-қизлар аниқланган. Жумладан, 5 минг нафардан зиёди бандлик марказлари ҳисобида туришган бўлса, 12 минг нафардан зиёди уйма-уй юриш жараёнида аниқланган. Натижада ўтган йилнинг ўзида барча ишсиз бўлган хотин-қизларнинг бандлиги таъминланишига эришилган.
Тижорат банклари томонидан эса 5 минг 87 нафар тадбиркор аёлларга 233 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилди.
Жорий йилнинг шу даврига қадар ишсиз сифатида рўйхатга олинган 11 мингдан зиёд хотин-қизларнинг минг нафарга яқини доимий бандлиги таъминланди. 155 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди, олти юз нафарга яқин хотин-қизга ишсизлик нафақаси тайинланди.
Бугунги шодиёна кунларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан бир гуруҳ жиззахлик аёллар фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди.
Жумладан, Дўстлик туманидаги "Ўлмас Зебинисо" фермер хўжалиги раҳбари Омонгул Ҳайитова "Меҳнат шуҳрати" ордени билан, Жиззах давлат педагогика институти қошидаги "Сайилжой" академик лицейи директори Феруза Солиева "Соғлом турмуш" медали билан, Жиззах вилояти божхона бошқармасининг "Қўшкент" чегара божхона пости гуруҳ катта инспектор-суриштирувчиси Лейля Холматова "Содиқ хизматлари учун" медали билан, Жиззах шаҳридаги Амир Темур номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раисининг хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари Зулайҳо Мамаюсупова ва "Жиззах аккумулятор заводи" акциядорлик жамиятининг сифатни кафолатлаш бўлими бошлиғи Дилфуза Собирова "Шуҳрат" медали билан тақдирланди.
Шунингдек, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган 46 нафар аёллар "Мўътабар аёл" кўкрак нишони билан тақдирланганлиги таъкидланди.
Таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт ва жамоатчилик фаолиятида катта ютуқларга эришган, Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган вилоятнинг 24 нафар иқтидорли қизлари сафига бу йил Жиззах политехника институтининг 4-босқич талабаси Дилдора Имомова ва Жиззах давлат педагогика институтининг 2-босқич талабаси Муқаддас Мамарасулова ҳам қўшилди.
Умумтаълим мактабларини олтин ва кумуш медаллар билан тамомлаган 274 нафар қизлардан 113 нафари вилоятнинг "Олтин фонди"га киритилганлиги, олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида вилоятдан 37 нафар қиз талабалик бахтига бўлди.
[gallery-1467]
-Юртимизда хотин-қизларга берилаётган кенг имкониятлар натижасида барча соҳаларда, шу жумладан фермерлик соҳасида ҳам ўз қобилият ва истеъдодларини рўёбга чиқариш учун имкониятлар янада кенгайтирилди, – дейди "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳибаси, Дўстлик туманидаги "Ўлмас Зебинисо" фермер хўжалиги раҳбари Омонгул Ҳайитова. – Бугун менга берилган орден давлатимизнинг биз аёлларга кўрсатаётган ҳурмат ва эътиборининг ифодасидир.
Байрам тадбирида вилоят ҳокими Э.Солиев иштирок этди.
Жамшид ЁРБЕКОВ(сурат), ЎзА