Жиззахдан Наврўз хабарлари – қисқа сатрларда
Юртимизда яшариш ва янгиланиш, эзгулик ва саховат байрами бўлган Наврўз шукуҳи кезиб юрган шу кунларда муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, уларнинг оғирини енгил қилиш ва дардига малҳам бўлиш халқимизга хос энг эзгу фазилатлардандир.
Жиззах вилояти Янгиобод тумани ҳокимлиги ҳамда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси ҳамкорлигида байрам муносабати билан тумандаги 80 нафар эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, оиласида ногиронлиги бўлган, фронт орти меҳнат фахрийлари, «Темир дафтар» ҳамда «Аёллар дафтари» га киритилган оилалар ҳолидан хабар олиб, уларга байрам совғаси сифатида 10 турдаги кундалик зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари улашилмоқда.
Байрам муносабати билан бу каби саховат тадбирлари барча маҳаллаларда давом этмоқда.

***
Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Ғаллаорол туманидаги барча қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида байрам тадбирлари уюштирилиб, у ерда истиқомат қилувчи барча Иккинчи жаҳон уруши, фронт орти ва меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олинди.
Жумладан, «Қашқабулоқ» ҚФЙ ҳамда «Аламли» МФЙларда Наврўз байрами тадбири ташкил этилиб, тўкин дастурхон ёзилди, миллий халқ қўшиқ, лапар, айтишувлари, ҳаваскор санъаткорларнинг куй-қўшиқ ва рақслари янгради. Шунингдек, ушбу ҳудудлардаги фахрийлар, эҳтиёжмандлар, беморлар, боқувчисини йўқотганлар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам совғалари улашилди.
Байрам тадбирлари давомида 2 нафар меҳнат фахрийси – «Қашқабулоқ» ҚФЙга қарашли «Обуз» қишлоғида яшовчи Икром Номозов ҳамда «Аламли» МФЙда истиқомат қилувчи Салоҳиддин Назаровларга «Ғаллаорол Фахри» медали ҳамда Фахрий ёрлиқ топширилди.

***
Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди.
Байрам муносабати билан арзонлаштирилган нархлардаги ушбу савдо ярмаркаси ташкилотчилари қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан ташқари ун, ўсимлик ёғи, шакар, гўшт, сут ва сут маҳсулотлари ҳамда бошқа турли-туман товарлар тавсия этилди.
Қутлуғ саналар муносабати билан маҳсулотларнинг арзонлаштирилган нархлардаги тез-тез уюштириб турилаётган бундай савдо ярмаркалари ташкилотчиларига тизимда меҳнат қилаётган барча ходимлар миннатдорчилик билдирди.

А.ҚАЮМОВ (сурат), ЎзА