Жиззахда ёш тадбиркорлар иштирокида йирик форум ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах вилоятида ёшларнинг муаммо ва таклифларини тинглаш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда бандлигини таъминлашга қаратилган тизимли ишлар изчил давом этмоқда.
Шу мақсадда Жиззах шаҳри ва Дўстлик туманида вилоят прокурори Бахтиёр Иброҳимов раҳбарлигида, Ёшлар ишлари бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси масъуллари ҳамда тижорат банклари раҳбарлари иштирокида “Раҳбар ва ёш тадбиркорлар” учрашуви ташкил этилди.
Мазкур тадбирда 1200 нафарга яқин ёш тадбиркор ва битирувчи курс талабалари иштирок этиб, у ҳақиқий йирик тадбиркорлар форумига айланди.
Учрашув давомида солиқ, божхона ва банк соҳаси мутахассислари томонидан тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ривожлантириш учун яратилган имтиёзлар ҳамда преференциялар ҳақида аниқ мисоллар асосида тақдимотлар ўтказилди. Айниқса, вилоятдаги етакчи ишлаб чиқариш корхоналари — “Master Building Products”, “Mono-Electric” ва “NBN” масъулияти чекланган жамиятлари вакиллари томонидан ўтказилган маҳорат дарслари ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Уларда маҳсулотни экспортга чиқариш, маркетинг, мижоз топиш ҳамда онлайн савдо юритиш бўйича муҳим тавсиялар берилди.
Очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашувда ёшлар томонидан 30 га яқин мурожаат ва таклифлар билдирилди. Уларнинг асосий қисми имтиёзли кредит ажратиш, инфратузилмага уланиш, ер майдони ажратиш ҳамда йўл инфратузилмасини яхшилаш каби масалаларни қамраб олди.
[gallery-28719]
Тезкор ўрганишлар натижасида 15 нафар тадбиркорнинг мурожаати жойида ҳал этилди, қолган 15 та масала эса қўшимча ўрганиш ҳамда ижросини таъминлаш учун масъул идораларга йўналтирилди.
Дўстлик туманида ташкил этилган тадбир доирасида, шунингдек, бўш иш ўринлари ярмаркаси, тадбиркорлик кўргазмаси, “Заковат” интеллектуал ўйини ҳамда кураш бўйича спорт мусобақалари ўтказилди.
Бундай учрашув ва мулоқотлар вилоятда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда ташаббусларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА