Жиззахда янги мактаб фойдаланишга топширилди
Жиззах шаҳрининг Улуғбек маҳалласидаги 18-умумтаълим мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
1910 йилда қурилиб, ўз даврининг муҳташам иншоотларидан бўлган мактаб биноси охирги марта 1970 йилда мукаммал таъмирланган экан. Шаҳарнинг марказий қисмида кейинги йилларда аҳоли сонининг ошиши туфайли 480 ўринли муссасада 925 нафар ўқувчи таълим олиши жиддий қийинчилик туғдираётган эди.
Мактабнинг беш қаватли янги биноси давлат-хусусий шерикчилик асосида қурилди. Янги иншоотни қуриш учун жами 15 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Лойиҳа қуввати 640 ўринли ўзбек ва рус тилларида таълим бериладиган мактаб биносида 35 та ўқув хонаси, 2 та математика, 8 та хорижий тиллар, 2 та ахборот технологиялари ва 1 тадан кимё, биология, физика хонаси бор. Бундан ташқари 1 тадан кимё, физика, биология лабораториялари хонаси, ўқувчилар индивидуал ишлаши учун 5та хона мавжуд.
180 ўринли фаоллар зали, 1 та спорт зали, 3 та очиқ спорт майдони, 120 ўринли замонавий кутубхона ва АРМ, 120 ўринли ошхона, тиббиёт, маънавият, ёшлар етакчиси, психолог ва логопед-дефектолог, ўқитувчилар хоналари тўлиқ жиҳозланиб фаолият кўрсатаётир. Мактабда санитар-гигиеник, ювиниш хоналари белгиланган талабларга мос жиҳозланиб, иссиқ ва совуқ сув билан таъминланган.
Мактаб янги биносининг очилишига бағишланган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев, ота-оналар, шаҳар жамоатчилиги вакиллари иштирок этди. Маросимда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимиз халқ таълими тизимида амалга оширилаётган катта ислоҳотлар жараёнида, умумтаълим мактаблари учун янги замонавий бинолар қурилишига катта эътибор қаратилаётгани туфайли соҳадаги кўп йиллик муаммолар ҳал этилаётгани таъкидланди.
[gallery-2082]
– Дарслар тўлиқ икки сменада ўтиб келинган мактабимизда лаборатория, тўгарак машғулотлари, дарсдан ташқари таълим тадбирлари ўтказиш учун умуман имконият тополмасдик, – дейди мактаб директори Нигора Асқарова. – Янги замонавий бино қурилиши билан таълим-тарбияни бугунги замон талаблари даражасига кўтариш учун барча шарт-шароитлар яратилди. Бу хайрли ишда ташаббускор бўлиб иншоотни давлат шерикчилик асосида тез ва сифатли битказиб берган тадбиркорлардан мактабимиз жамоаси, ота-оналар беҳад мамнунмиз.
Вилоят таълим тизимини ривожлантиришда мактаблар моддий базасини мустаҳкамлаш манзилли дастури изчил амалга оширилмоқда. 2020 йилда вилоятда 2 та мактабга янги бино қуриш, 22 та мактабда реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишларига жами 54 миллиард сўм маблағ сарфланган эди. Давлат инвестиция дастури доирасида 2021 йилда 13 та таълим муассасасида 127 миллиард сўмликдан зиёд янги бинолар қурилиши ва мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилиши мўлжалланган.
Т.Бекназаров, Ж.Ёрбеков(сурат), ЎзА