Жиззахда хорижий сармоялар салмоғи ортмоқда
Жиззах бугун сармоя ва ташаббус туташган, ишлаб чиқариш имкониятлари тобора кенгайиб бораётган ҳудудлардан бирига айланмоқда. Хорижий инвесторлар иштирокида янги корхоналарнинг ташкил этилиши эса вилоят иқтисодиётига янги суръат, замонавий технологияларга эса кенгроқ йўл очмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2026 йил 1 август ҳолатига Жиззах вилоятида хорижий инвестициялар иштирокидаги 283 та корхона ва ташкилот фаолият юритмоқда. Ўзбекистон миқёсида бундай корхоналар сони 20 минг 973 тани ташкил этган.
Бир қарашда оддий рақамдек кўринадиган 283 та корхона замирида эса муайян иқтисодий жараён мужассам. Чунки хорижий сармоя кириб келган ҳар бир лойиҳа ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, маҳаллий хомашёни қайта ишлаш ва маҳсулот турларини кўпайтириш учун янги имконият демакдир.
Бугун хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар мамлакат иқтисодиётининг савдо, саноат, қурилиш, ахборот ва алоқа, хизмат кўрсатиш каби турли тармоқларида фаолият юритмоқда. Жиззахда ҳам бу жараён ҳудуднинг мавжуд салоҳиятини ишга солиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспортбоп маҳсулотлар турини кенгайтириш билан уйғун кечмоқда.

Бу борада давлат сиёсатида белгиланган мақсадлар ҳам аниқ. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармонида 2026 йилда иқтисодиётга 50,4 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун зарур шароитларни яратиш вазифаси белгиланган. Ҳудудларда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ана шу кенг кўламли вазифаларнинг амалий ифодаси сифатида намоён бўлмоқда.
Жиззахдаги 283 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона ҳам бу жараённинг муҳим бўғинидир. Энг муҳими, сармоянинг ҳудудга кириб келиши билан иш битмайди. Унинг самараси янги қувватлар, замонавий технологиялар, рақобатбардош маҳсулотлар, экспорт ҳажми ва аҳоли учун муносиб меҳнат имкониятларида кўриниши керак.
Шу нуқтаи назардан, вилоятда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, сармоядорлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш вазифаси долзарб аҳамият касб этади. Зеро, бугун киритилган самарали сармоя эртанги иқтисодий ўсишнинг пойдевори, янги иш ўринларининг манбаи ва ҳудуд тараққиётининг муҳим ҳаракатлантирувчи кучидир.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири