Жиззахда олимпиада сари илк қадамлар эътироф этилди
Жиззах шаҳрида “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” спорт мусобақаларининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Акмал Савурбаев иштирок этиб, ўз нутқида йил давомида юртимиз спортчилари томонидан қўлга киритилган ютуқлар давлат ва жамоатчилик томонидан муносиб эътироф этилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг юксак марраларни забт этиши учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Миллий Олимпия қўмитасининг Жиззах вилояти ҳудудий бўлимининг ижрочи директори Акмал Аҳмедов ҳам иштирок этиб, ғолиб спортчиларни самимий табриклади ва уларга келгусидаги мусобақаларда омад ва муваффақиятлар тилади.

Шунингдек, куннинг иккинчи ярмида “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” спорт мусобақаларининг якуний натижалари ҳамда вилоятда спортни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган таҳлилий-танқидий йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилиш Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Акмал Савурбаев раҳбарлигида ташкил этилди.

Унда вилоятда спорт соҳасига алоқадор ташкилот раҳбарлари, мураббий ва масъуллар иштирок этиб, мавжуд камчиликлар, истиқболдаги вазифалар ҳамда ёшлар спортини ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар атрофлича муҳокама қилинди. Юзага келган муаммоларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири