Жиззахда ижодкор ёшлар сараланди
Юнус Ражабий номидаги мусиқали драма театрида “Маданият ва санъат соҳасида фаолият юритаётган ижодкор ёшларни саралаш ва рағбатлантириш” бўйича республика кўрик-танловининг Жиззах вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Танловнинг асосий мақсади маданият ва санъат соҳасида фаолият юритаётган 18 ёшдан 32 ёшгача бўлган ижодкорларни кашф этиш, уларнинг ижро маҳорати, истеъдоди ва қобилиятини, ижрочилик кўникмаларини янада ривожлантириш, ёш ижодкорлар иштирокида миллий санъатимизни дунё саҳналарига олиб чиқиш, иқтидорли ёшларни рағбатлантириш ҳамда уларнинг ижодини кенг тарғиб қилишдан иборатдир.
Кўрик-танлов 18-32 ёш оралиғида якка ижодкорлар ва жамоалар ўртасида “Анъанавий хонандалик”, “Академик хонандалик”, “Эстрада хонандалиги”, “Анъанавий чолғу ижрочилиги”, “Эстрада чолғу ижрочилиги”, “Сухандон”, “Ўзбек рақс санъати”, “Балет рақси”, “Актёрлик маҳорати”, “Ҳаваскорлик санъати” (фольклор-этнография, болалар намунали жамоалари) йўналишлари бўйича ўтказилди.
Ҳакамларнинг якуний хулосаларига кўра ўз йўналишлари бўйича биринчи ўринни қўлга киритган ёш ижодкорлар кўрик-танловнинг республика финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
– Кўрик-танлов қизғин курашлар остида ўтгани, вилоятимизнинг барча ҳудудларидан келган ёш ижрочилар жуда пухта тайёргарлик кўрилганлигини намойиш этди, – дейди “Анъанавий ижрочилик” йўналишида 1-ўринни қўлга киритган Динора Раҳмонова. – Танлов ғолиби бўлиб, республикага йўлланма олганимдан жуда хурсандман. Энди устозларим билан танловнинг финал босқичига пухта ҳозирлик кўриб, Жиззах шарафини муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қиламан.
[gallery-15619]
Танлов ғолиблари ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА.