Жиззахда IT Park филиали иш бошлади
Жиззахда IT Park минтақавий филиалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Бу режалаштирилган 14 та филиалнинг тўртинчиси бўлиб, аввалроқ учтаси Гулистон, Марғилон ва Андижонда очилган эди.
Дунёнинг ривожланган мамлакатлари каби Ўзбекистонда ҳам рақамли иқтисодиётга ўтиш жадал суратларда давом этмоқда. Жумладан, 2020 йил Президентимиз томонидан “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилиниши ва рақамли иқтисодиётга ўтиш Ўзбекистоннинг кейинги 5 йилдаги устувор вазифаларидан бир этиб белгиланган.
Шу мақсадда 2019 йилда Тошкент шаҳрида IT Park ташкил этилиб, давлатимиз раҳбарининг тегишли топшириқларига асосан ҳозирги кунда вилоят марказларида ҳам унинг филиалларини барпо этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Жиззах вилоятида барпо этилган филиал мамлакатимизда амалга оширилаётган шу катта ишнинг бир қисмидир.
Филиалнинг очилиш маросимида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири ўринбосари Баҳромжон Олматов, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов, Хиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабат ва IT Рark директорининг ўринбосари Баҳодир Аюпов, шаҳар, туман ҳокимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар IT Park Жиззах филиалини ишга туширилиши вилоятда рақамли иқтисодиётни кенг ривожлантириш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва уларга шарт-шароитлар яратиб бериш, аҳолининг, айниқса ёшларнинг рақамли технологиялар соҳасида билимларини оширишда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлганлиги таъкидланди.
– Хиндистоннинг тараққиётида IT Parkлар муҳим ўрин тутади, – дейди Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабат. – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хиндистон Республикасига ташрифи давомида давлатларимиз ўртасида IT соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича эришилган келишувлар натижасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, шу ҳамкорлик самараси бўлган IT Park дастурий таъминотлар ишлаб чиқаришни илғор тажрибалар асосида кенгайтиришга, стартапларни жадаллаштиришга, ёшларнинг янги ғояларини, лойиҳаларини ҳаётга тадбиқ қилишга хизмат қилади. Бу эса мамлакатда барча соҳаларни ривожлантиришнинг муҳим омилидир.
IT Park филиали Жиззах шаҳри маъмурий марказида яқинда қайта таъмирланган олти қаватли бинонинг иккинчи қаватида жойлашган. Филиал 24/7 режимда фаолият юритиб, у ерда чет эллик шериклар ва турли компаниялар билан алоқалар ўрнатилади.
IT Park Жиззах филиалидан коворкинг маркази,
20 ўринли конференция зал, 14 ўринли 2 та музокаралар хонаси, стартап хоналари ва IT Park резидентлари ва филиал ходимлари учун офислар ҳамда кафе жой олган. Шунингдек, филиал қошида “Рақамли технологиялар” ўқув маркази ташкил этилиб, 45 нафар тингловчига мўлжалланган 3 та замонавий ўқув хонаси ташкил этилиб, йил мобайнида тўлиқ қувватда 500 та тингловчини ўқитиш имкониятига эга бўлади.
Марказда компьютер саводхонлиги, дастурлаш, WЕБ дизайн, график дизайн, мобил робототехника, киберспорт турлари, инглиз тили ва бошқа ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилаётир. Ўқув хоналари ва киберспорт синфлари компьютер тўпламлари билан таъминланган.
IT Park Жиззах филиали ташкил этилиши вилоятда рақамли иқтисодиётни, тадбиркорликни жадал ривожлантиришга, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни экспорт қилиш ҳажмини оширишга ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида билимли ёшларнинг кўпайишига хизмат қилади.




Т. БЕКНАЗАРОВ, Ж. ЁРБЕКОВ(сурат), ЎзА