Жиззахда федерация фаолиятининг биринчи ярим йиллик натижалари муҳокама қилинди
Жиззах вилоятининг Зомин туманида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда федерациянинг жорий йилнинг биринчи ярим йиллик фаолияти якунлари сарҳисоб қилиниб, мавжуд камчиликлар ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Федерация раиси Жаҳонгир Саримсоқов бошчилигида бўлиб ўтган тадбирда федерация ва унинг ҳудудий тузилмаларининг иккинчи чоракдаги фаолияти, қонунчилик ҳужжатлари ижроси, шунингдек, Наманган, Самарқанд, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудий бирлашмалари томонидан амалга оширилган ишлар кўриб чиқилди.


Хусусан, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳудудий бирлашмалари ҳамда уларнинг туман-шаҳар жамиятлари молиявий-хўжалик фаолиятини ўрганиш натижалари муҳокама қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Тадбирда қайд этилганидек, ҳисобот даврида фуқаролардан 10 минг 829 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 9 минг 893 таси ижобий ҳал этилган. Натижада истеъмолчилар фойдасига 46,8 миллиард сўмлик моддий ва маънавий зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди.


Истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга 228 та даъво аризаси киритилиб, суд қарорлари асосида 7,3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ундирилди. Назорат органлари орқали эса 71 миллион сўмлик зарар истеъмолчилар фойдасига қоплаб берилди.
Йиғилишда мурожаатларни қонуний ва холис кўриб чиқиш, низоларни судгача ҳал этиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тарғибот ишларини фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Тадбир якунида жорий йилнинг иккинчи ярим йиллиги учун устувор вазифалар белгилаб олиниб, ҳудудий тузилмалар раҳбарларига аниқ топшириқ ва тавсиялар берилди.
Г.Бобоева, ЎзА