Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Дўстлик туман спорт мактабида 30 ёшдан 70 ёшгача бўлган ҳамда 70 ёшдан ошган аҳоли вакиллари ўртасида жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашга қаратилган спорт синовлари ўтказилди.

Унда иштирокчиларнинг жисмоний имкониятлари турли машқлар орқали синовдан ўтказилиб, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жисмоний фаолликни ошириш ва спорт билан мунтазам шуғулланишга қизиқишни кучайтиришга эътибор қаратилди.

***
Жиззах вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси тизимида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида “Энг яхши китобхон оила” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Китобхонлик муҳитини оилалардан бошлаш, мутолаага меҳр уйғотиш ва бадиий адабиётга қизиқишни кучайтириш мақсадида ташкил этилган беллашувда иштирокчи оилаларнинг китобхонлик даражаси, ўқилган асарлар мазмунини билиши, дунёқараши ва мутолаа маданияти турли шартлар асосида синовдан ўтказилди.

Қизғин баҳс-мунозараларга бой кечган танловда оилалар ўз билим ва интеллектуал салоҳиятини намоён этиб, китобга бўлган меҳрини кўрсатди. Якунда юқори натижа қайд этган ва фаол иштирок этган оилалар муносиб рағбатлантирилди.

***
Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати Олима Турдиева Шароф Рашидов туманидаги Янгидиёр маҳалласида маҳалла еттилиги аъзолари билан биргаликда хонадонбай ўрганишлар ўтказди.

Хонадонларга ташриф чоғида фуқароларнинг ижтимоий-маиший шароити, бандлиги, эҳтиёжлари ва мурожаатлари ўрганилди. Айниқса, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар, иш билан таъминлаш ва кундалик ҳаётда учраётган муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди.

Фуқароларнинг таклиф ва мурожаатлари масъуллар иштирокида муҳокама қилиниб, уларни ҳал этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди. Бундай хонадонбай мулоқотлар муаммони жойида кўриш, унинг асл сабабини аниқлаш ва амалий ечим топиш имконини бермоқда.
***
Ғаллаорол туманида Пайшанба – ёшлар куни муносабати билан пробация назоратида турган ёшлар иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Тадбирда туман ҳокими, ички ишлар бўлими бошлиғи, ҳудуд мутасаддилари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг масъул ходимлари иштирок этди.

Мулоқотда ёшларнинг муаммолари, уларни жамиятга мослаштириш ва бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Ҳар бир мурожаатни эътиборсиз қолдирмаслик, мавжуд муаммоларни манзилли ҳал этиш бўйича зарур чоралар белгиланди.

Ёшларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш мақсадида тадбир доирасида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Унда иштирокчиларга ҳудуддаги мавжуд вакансиялар, ишга жойлашиш шартлари ва имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
***
Зомин туман адлия бўлими ходимлари томонидан фуқаролар ўртасида ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.
Мулоқотлар давомида аҳолига қонунчиликда белгиланган имтиёзлар, ҳуқуқий кафолатлар ва ўз ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш тартиби тушунтирилди. Шунингдек, фирибгарлик, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар ва кибержиноятларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот материаллари тарқатилди.

Фуқароларга шахсий маълумотлар ва молиявий маблағларни ҳимоя қилиш, шубҳали қўнғироқ ва хабарларга алданмаслик, ҳуқуқбузарликларга дуч келганда қонуний тартибда ҳаракат қилиш бўйича зарур тавсиялар берилди.

Тадбир аҳолининг ҳуқуқий билими ва маданиятини ошириш, қонунчиликдаги имкониятлардан хабардорлигини кучайтириш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири