Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Зарбдор тумани ҳокими З.Рўзиев 1-сектор ҳудудидаги 9-сонли, туман прокурори Р.Машарипов 2-сектор ҳудудидаги 11-сонли умумтаълим мактабларида ўқув жараёни ва давомат ҳолатини ўрганди.
Шунингдек, бошланғич синф ўқувчиларининг “Янги авлод дарсликлари”ни ўзлаштириш, юқори синф ўқувчиларнинг чет тилини билиш даражалари синаб кўрилди ҳамда битирувчи синф ўқувчиларининг муносиб касб танлашлари юзасидан ўқувчилар билан суҳбатлашилди.
Учрашувда ўқитувчи ва масъул ходимларга мактабларда юзага келган камчиликлар юзасидан зарурий кўрсатмалар берилди.


***
Дўстлик тумани адлия бўлимининг ташаббуси асосида тумандаги Ихтисослаштирилган таълим мактаби ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги Жaмоат саломатлиги техникуми ўқувчи-ёшлари иштирокида “Адлия органлари фаолиятида очиқ эшиклар куни” тадбири доирасида учрашув ўтказилди. Адлия органлари фаолияти йўналишлари, асосий вазифалари, мақсадлари, ваколатлари бўйича атрофлича тушунчалар берилди. Ёшларнинг соҳага оид ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан жавоблар берилди.


***
Шароф Рашидов туманининг Янги ҳаёт маҳалласида “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонлари асосида қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилиши халқимизнинг ҳаётидан рози бўлиб яшаши ва эртанги кунга ишончи ортишига сабаб бўлаётир. Ҳозир хонадонларнинг фасад қисми таъмирланиб, дарахт шохлари тартибга келтирилиб, таглари оқланяпти, қуриб қолганлари ўрнига янги кўчатлар ўтқазиляпти.
Маҳаллада газ тармоқларидаги носозликлар таъмирланиб, хавфсизлик чоралари кўрилмоқда. Солиқ ходимлари ёрдамида ногиронлиги мавжуд, кам таъминланган оилалар учун зарур бўлган қурилиш маҳсулотлари пешма-пеш етказиб берилмоқда.


***
Ёшлар ишлари агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Отабек Мусурмонов белгиланган режа асосида ёшлар муаммоларини ўрганиш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ғаллаорол тумани ёшлари билан сайёр қабул ўтказди. Сайёр қабулда ёшлардан жами 18 та мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаатларнинг 10 таси жойида ҳал этилди, 6 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилиб, 2 таси тегишли ташкилотларга бошқарма томонидан йўналтирилди.
Фаол ёшлар томонидан бир қатор таклифлар билдирилди. “Ёшлар дафтари” рўйхатида бўлган йигит-қизлар ўзини ўзи банд қилиши мақсадида тикув машиналари ва бошқа меҳнат қуроллари билан таъминланди.

***
Қишлоқ хўжалигида илм-фан ютуқлари, инновацион технологияларни маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарда жорий қилишни ташкил этиш мақсадида Жиззах вилояти Пахтакор инновацион тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда туман фермер хўжаликлари вакиллари учун Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтида семинар ташкил этилди.
Семенар иштирокчилари маҳаллий сабзавот навлари, ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилишда уйғунлашган усул, органик маҳсулот етиштириш, маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш борасида ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.


А.Қаюмов, ЎзА мухбири