Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Янгиобод туманидаги чегара қўриқлаш взводи томонидан тумандаги умумий ўрта таълим мактабларида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва улар қалбида жасорат, Она ватанга муҳаббат туйғуларини шакллантириш мақсадида ҳарбий ватанпарварлик ойлиги доирасида “Мардлик соати” ташкил этилмоқда.
Туман марказидаги 1-сонли умумтаълим макатабида “Мард аскар – ёшларга намуна” шиори остида бўлиб ўтган тадбирда муддатли ҳарбий хизматчилар ўқувчи-ёшлар билан суҳбатлашди. Ўғил-қизлар ҳарбий қурол-аслаҳалар билан таништирилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2022 йил 19 декабрдаги буйруғига асосан – 2022-2023 ўқув йили учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва бошқа давлат стипендияларига муносиб кўрилганлар рўйхати эълон қилинди. Ушбу рўйхатда форишлик талаба Ирода Ахмедова ҳам Президент давлат стипендияси соҳиби бўлганлиги қайд этилган.
Ирода 2000 йил 15 декабрь куни Фориш тумани Янгиқишлоқ шаҳарчасида туғилган. У илк сабоқларини шу тумандаги 33-сонли умумтаълим мактабида, сўнгра, Жиззах давлат педагогика университети қошидаги “Сайилжойи” академик лицейида олиб, ушбу ўқув муассасаларини имтиёзли диплом билан тамомлаган.
Ирода Ахмедова айни вақтда Тошкент давлат шарқшунослик университети хитойшунослик факультети 4-курс талабаси ҳисобланади.

Зарбдор тумани ҳокими Зафар Рўзиев ўтказган навбатдаги қабулида жисмоний ва юридик шахслар томонидан 20 га яқин фуқародан даволаниш учун моддий ёрдам, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, нафақа олишдаги муаммолар, ишга жойлашиш билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушди.
15 та мурожаат жойида ҳал этилган бўлса, қолган мурожаатлар ижроси юзасидан тегишлилиги бўйича мутасаддиларга аниқ кўрсатмалар берилди ва уларнинг ижроси шу ҳафта якунига қадар ижобий ҳал этилиб, мурожаатчи ва туман ҳокимига ёзма маълумот тақдим қилиш лозимлиги белгиланди.


Мирзачўл туман ҳокими ташаббуси билан 2022 йил давомида фаоллик билан иш олиб борган спорт мактаби мураббийлари, фаоллари, жонкуяр ходимлари, йил мобайнида Жаҳон, Осиё ва Ўзбекистон чемпионатларида улкан ютуқларга эришган 20 нафар спортчи рағбатлантирилди.
Тадбирда кириб келаётган янги 2023 йилда ҳам мирзачўллик спортчилар, уларнинг мураббийларига зафарлар тиланган туман ҳокимининг табриги ўқиб эшиттирилди.


Зафаробод туман давлат солиқ инспекцияси бўлими бошлиғи, 4-сектор раҳбари А.Исломов “Лолазор” қишлоқ фуқаролар йиғинига бириктирилган ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчилари, маҳалла хотин-қизлари фаоллари билан учрашди.
Учрашувда аҳоли хонадонларини ободонлаштириш, камбағалликни қисқартиришга эътибор қаратиш, банд бўлмаган ва хорижда меҳнат қилаётган фуқаролар рўйхатини шакклантириш, ҳар бир киши электр энергиясидан оқилона фойдаланиши лозимлиги, хавфсизлик қоидаларига риоя этишлари ва уни тежаб ишлатишлари лозимлиги таъкидланди.

Зомин тумани “Пешағор” МФЙ жорий йил 2 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари У.Мухаммадиев ва вилоят сектор раҳбарлари иштирокида ўтказилган сайёр қабулда Зомин тумани ва бошқа туманларда жами 136 нафар фуқаронинг турли мурожаатлари тингланди.
Фуқаролар томонидан соғлигини тиклаш масаласи, уй-жойини таъмирлаш, контракт тўловига амалий ёрдам бериш, сафарбарлик чақируви резерви тўловларини тўлашда моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган юздан ортиқ фуқароларнинг масалалари ижобий ечим топиши учун 500 миллион сўм маблағ ажратилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА