Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан Жиззах вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармасида байрам тадбири ўтказилди. Унда Бош қомусимизнинг яратилиш тарихи, унинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, байрам муносабати билан бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга навбатдаги ҳарбий унвонлар топширилиб, хизмат давомида юқори натижаларга эришган ходимлар фахрий ёрлиқ, қимматбаҳо совғалар ва пул мукофотлари билан тақдирланди.
* * *
“Менинг армиям – менинг фахрим” шиори осида ўтказилаётган акциянинг навбатдаги тадбирига Пахтакор тумани мезбонлик қилди.
Ушбу акция Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда “Ёшлар форуми – 2021” ҳафталиги муносабати билан Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан ташкил қилинди.
* * *

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси хотин-қизлар жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Унда соҳада хизмат қилаётган аёл ходимлар билан ишлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бу борадаги фаолиятни самарали ташкил этиш масаласи кўрилди.
Шунингдек, “Касбий тайёргарлик ойлиги” доирасида ўқув машғулотлари уюштирилди.
* * *

Мирзачўл тумани 2-сектор раҳбари Ж.Қўшилов ва масъул ходимлар иштирокида сув таъминоти масаласи жойларда ўрганилганида “Мирзадала” ШФЙда аҳолини ичимлик сув билан таъминотини яхшилаш юзасидан жорий йилда тузилган дастур асосида сув тармоғи ва сув иншоотларини таъмирлаш режалаштирилган эди. Айни пайтда, тендер ғолиби “Каршан Медия” МЧЖ томонидан 140 метрга сув қувурларини ётқизиш ва сув ҳайдаш иншоотларини таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу хайрли иш амалга оширилгач, “Мирзадала” маҳалласида яшовчи 5 минг нафар аҳоли тоза ичимлик сув билан тўлиқ таъминланади.
* * *
Фориш туман юридик хизмат кўрсатиш маркази ходимлари томонидан Жиззах вилояти адлия бошқармаси, вилоят халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда тумандаги 5-, 22- ва 33-умумтаълим мактабларида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан “Конституция – ҳуқуқларимиз кафолати” мавзусида конституция дарслари ўтказилди.
Дарс жараёнида ўқувчиларга Бош Қомусимиз ва унинг ҳаётимизда тутган ўрни, кейинги йилларда конституциямизга киритилган ўзгартишлар, асосий Қонунимизда белгиланган ҳуқуқ ва бурчимиз ҳақида батафсил маълумот берилди.
* * *

3 декабрь – Халқаро ногиронларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Зомин тумани умумтаълим мактабларидаги ёшлар етакчилари томонидан тумандаги уйда таълим олувчи ўқувчи ёшлар ҳолидан хабар олиш хайрия акциялари ташкил этилди. Жумладан, тумандаги 54-сонли умумтаълим мактаби ёшлар етакчиси ва мактаб сардорлари биргаликда “Нурликент” МФЙда яшовчи, 2-гуруҳ ногирони Гулноза Мусурмонова хонадонида бўлди ва уни байрам муносабати билан табриклаб, таълим олишида зарур бўлган ўқув қуроллари жамланмасини совға қилди.
А.Қаюмов,
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА