Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах вилоятида жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида барча тоифадаги хўжаликлар томонидан 303 минг 900 тонна сабзавот етиштирилди.
Бу ўтган 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 1,7 фоизга кўп бўлиб хўжалик тоифалари бўйича таҳлил қилинганда, сабзавот етиштириш умумий ҳажмидан 58,8 фоизи деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликлар ҳиссасига тўғри келди.
***
Мажбурий ижро бюроси органлари ходимлари ўртасида бир қатор спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилмоқда. Мусобақалар Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда 8 январ – Прокуратура органлари ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган.

Мини-футбол бўйича биринчи босқичдаги қуръа натижаларига кўра, Бюуронинг Жиззах вилояти бошқармаси терма жамоаси Самарқанд вилоятилик ҳамкасблари билан билан ўзаро баҳс олиб бориб, жиззахликлар 6:4 ҳисобида ғалабага эришди ва чорак финалга йўл олди.
***
Шароф Рашидов туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш “Долзарб 40 кунлик” қизғин давом этмоқда.
"Янги ҳаёт" сув истеъмолчилари уюшмасидаги 18 та фермер хўжалигида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги “Долзарб 40 кунлик” акцияси анъана тусини олди. Ҳудуддаги “Иқбол Асил Толаси” фермер хўжалиги раҳбари Хуршид Мустафоқулов ва хўжаликнинг ишчи ходимлари билан биргаликда дала майдонлари атрофига 2 минг донага яқин тут кўчатлари экилмоқда. Ушбу СИУ вакиллари жорий йилнинг ўзида 10 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчати экишни режалаштирган.

Янгиобод туманида "Соғлом овқатлантириш" мавзусида семинар бўлиб ўтди. Унда мактабгача таълим бўлимига қарашли барча ДМТТ (давлат мактабгача таълим ташкилотлари) директорлари, ҳамширалари ва хўжалик ишлари бўйича мудирлари иштирок этди.
Тадбир давомида туман мактабгача таълим бўлими озиқ-овқат бўйича мутахассиси А.Насруллаев, туман СЭОМ мутахассиси М.Ибрагимов ҳамда вилоят мактабгача таълим бошқармаси ходими Э.Шойимқулов томонидан янги таомнома бўйича соғлом овқатлантириш юзасидан зарур тушунча ва тавсиялар берилди.

Мирзачўл тумани "Ипак йўли" қишлоқ фуқаролар йиғинида Махалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими иштирокида "Кексалар учун туризм ойлиги" муносабати билан "Касбим-фахрим" мавзусида кекса авлод вакиллари ва ёшлар учрашувлари ташкил этилди.
Учрашувда туман фахрий фермерлари, тадбиркорлар, соҳа вакиллари ёшларга ибратли воқеалар, меҳнатдан келадиган обод ва чиройли турмуш тўғрисида сўзлаб берди. Сўнг ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассис, меҳнат фахрийлари томонидан жавоб олди.

Арнасой туманидаги барча мактабгача таълим ташкилотларида “Фан ва табиат” ойлиги ўтказилди.
Ойлик доирасида тумандаги 5-сонли “Наврўз” ДМТТ тарбияланувчилари ўртасида инглиз тили бўйича мусобоқа ташкил этилди. Унда беллашувнинг жажжи иштирокчилари инглиз тилида таништирув, “Ҳаракатларни бажаринг!”, “Бу қайси сабзавот?”, ҳарфларни алифбо тартибида ёзиш, “Ким чаққон?” каби шартлар бўйича ўзаро беллашди. Мусобоқанинг барча иштирокчилари фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Пахтакор туманидаги мавжуд 15 та маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинларида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича “Ҳоким ёрдамчиси” лавозимига тавсия этилган номзодлар таништирилди.
Тадбирда “Ўзбекистон қаҳрамони” Анорбой Эшматов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Синдор Раҳмонқулов, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Шерзод Шодмонов ҳоким ёрдамчиси олдида турган вазифалар хусусида гапирди.

Ғаллаорол тумани ёш ижодкорлари ва ижодий тарғиботчиларнинг навбатдаги мушоира тадбири Айдаркўл соҳилларида бўлиб ўтди.
Ёшлар ўз ижодларидан намуналар ўқиб, қўшиқлар ижро этди.
Ушбу тадбир “Қақнус” ижодкорлар тўгарагининг 10 йиллиги учун Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими кўмагида ташкил этилди.
А.Қаюмов,
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА