Жиззах тажрибасининг самараси эътироф этилди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонова Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида бўлиб, маҳаллаларда хотин-қизлар билан ишлашнинг самарали механизми сифатида жорий этилган 17 лик тизими фаолияти билан танишди.
Ташриф доирасида “Чинобод” маҳалласида мазкур тизимнинг амалий натижалари ўрганилди. Унда хотин-қизларнинг ижтимоий аҳволини тизимли таҳлил қилиш, уларнинг муаммоларини манзилли ҳал этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни аниқлаш ҳамда ҳар бир аёл билан индивидуал тартибда ишлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларида Жиззах тажрибаси асосида йўлга қўйилган мазкур ёндашув ўзининг амалий самараси билан республика миқёсида илғор тажрибалардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Тизим маҳаллалардаги ҳолатни чуқур таҳлил қилиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни манзилли қўллаб-қувватлаш имконини бераётгани билан аҳамиятлидир.

Ташриф чоғида маҳалла хотин-қизлар фаоллари иштирокида очиқ мулоқот ҳам ташкил этилди. Унда соҳада учраётган долзарб масалалар, жойлардаги эҳтиёжлар, амалий таклифлар ҳамда мавжуд муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Шунингдек, маҳаллаларда хотин-қизлар балансини шакллантириш, уларни тоифалар кесимида таҳлил қилиш ва манзилли қўллаб-қувватлаш самарадорлигини янада ошириш масалалари муҳокама қилинди. Фаолларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланиб, тизимни такомиллаштиришга қаратилган тегишли тавсиялар берилди.

Таъкидланганидек, Жиззах тажрибаси ҳар бир хонадон ва ҳар бир аёл билан манзилли ишлаш, муаммоларни эрта босқичда аниқлаш ҳамда уларни тезкор бартараф этишда муҳим ўрин тутмоқда. Бу ёндашув маҳалла тизими фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳоли билан яқин мулоқотни таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.

Мазкур амалиёт Президентимиз томонидан илгари сурилган инсон қадрини улуғлаш, маҳалла институтини янада такомиллаштириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган ислоҳотларнинг ҳаётдаги амалий ифодаси сифатида баҳоланмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири