Жисмоний шахслар шахсий ҳужжатларининг аслини олиш бўйича янги давлат хизмати жорий этилди
"Ўзархив" агентлигида “Давлат архивларида сақланаётган жисмоний шахсларнинг шахсий ҳужжатларини аслини бериш” давлат хизмати жорий этилиши юзасидан брифинг бўлиб ўтди.
Унда агентлик ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиев қуйидагиларни маълум қилди.
Хусусан, брифингда фуқаролар учун муҳим ва амалий аҳамиятга эга бўлган янгилик – давлат архивларида сақланаётган жисмоний шахсларнинг шахсий ҳужжатларини, жумладан меҳнат дафтарчаси, шаҳодатнома, диплом ва бошқа шунга ўхшаш шахсий ҳужжатларни аслини олиш бўйича янги давлат хизмати жорий этилгани ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 июлдаги 393-сон қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 ноябрдаги 612-сон қарори билан тасдиқланган “Жисмоний ва юридик шахсларга маълумотномалар бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг ягона маъмурий регламенти” янги Давлат архивларида сақланаётган жисмоний шахсларнинг шахсий ҳужжатлари аслини бериш давлат хизмати билан тўлдирилди.
Мазкур давлат хизматининг энг муҳим жиҳати шундаки, эндиликда давлат архивларида сақланаётган, тугатилган ташкилотлар томонидан архивга топширилган фуқароларнинг шахсий ҳужжатлари аслини белгиланган тартибда олиш имконияти яратилди.
Ушбу давлат хизматидан барча жисмоний шахслар фойдаланиши мумкин. Хусусан, фуқаронинг шахсий ҳужжати илгари фаолият юритган ташкилоти тугатилиб, унга тегишли архив ҳужжатлари давлат архивига топширилган бўлса, мазкур ҳужжатни олиш учун мурожаат қилиш мумкин.
Бу ерда фуқаролар учун муҳим бўлган бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш лозим. Агар шахсий ҳужжат эгаси вафот этган бўлса, унинг яқин қариндошлари – ота-онаси, эри ёки хотини, фарзандлари ҳам ушбу давлат хизматидан фойдаланиши мумкин. Демак, хизмат нафақат ҳужжат эгасининг ўзи, балки қонунчиликда белгиланган ҳолларда унинг яқин қариндошлари учун ҳам амал қилади.
Мазкур хизмат доирасида фуқароларнинг давлат архивларида сақланаётган шахсий ҳужжатлари, жумладан, меҳнат дафтарчаси, шаҳодатнома, диплом ва бошқа турдаги шахсий ҳужжатларининг аслини олиш имконияти мавжуд.
Албатта, ҳужжатни олиш имконияти унинг ҳақиқатдан ҳам давлат архивида сақланаётганига боғлиқ. Яъни архивда тегишли шахсий ҳужжат мавжуд бўлмаса, давлат хизматини кўрсатиш рад этилиши мумкин.
Шунингдек, брифингда бу каби ҳужжатларни олиш учун мурожаат қилиш тартиби хусусида маълумотлар берилди.
Таъкидланганидек, фуқаро хизматдан фойдаланиш учун белгиланган тартибда сўровнома тўлдиради. Сўровномада, асосан, фамилияси, исми ва отасининг исми, агар исм-фамилияси ўзгарган бўлса, бу ҳақдаги маълумотлар, паспорт ёки ID-карта маълумотлари, жумладан ЖШШИР, маълумотнома тили, яшаш манзили, электрон почта манзили ва телефон рақами, шахсий ҳужжатни олиш усули, шахс ўқиган таълим муассасаси ёки фаолият юритган ташкилот номи ҳамда архивда сақланаётган бўлиши мумкин бўлган шахсий ҳужжатнинг номи кўрсатилади.
Шунингдек, шахсий ҳужжатни фуқаро “давлат архивидан ўзи олиб кетиши” ёки унинг талабига кўра “курьерлик хизмати орқали манзилига юбориш” имконияти мавжуд.
Мазкур давлат хизматидан фойдаланиш учун фуқаролар Давлат хизматлари марказлари орқали ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали my.gov.uz орқали мурожаат қилишлари мумкин. Шу жиҳатдан мазкур хизматни рақамлаштириш фуқаролар учун яна бир муҳим қулайликни яратади. Фуқаро ҳар доим ҳам архивга шахсан бориб мурожаат қилиши шарт эмас. Электрон шаклда мурожаат қилиш имконияти ҳам мавжуд.
Давлат хизматини кўрсатиш муддати – 10 иш куни. Мурожаат қабул қилинганидан кейин сўровнома архив ҳужжатлари асосида кўриб чиқилади ва тегишли шахсий ҳужжат аниқланади. Шахсий ҳужжатнинг архивда мавжудлиги ҳақида ариза берувчи ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилинади.
Ушбу давлат хизмати учун йиғим миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари этиб белгиланган. Мурожаат қилаётганда шахсий ҳужжат қайси ташкилотда сақланган бўлиши мумкинлиги ҳақида имкони борича аниқ маълумотларни кўрсатиш муҳим. Масалан, фуқаро қайси ташкилотда ишлагани, қайси таълим муассасасида ўқигани ёки ҳужжат қайси ташкилотга тегишли бўлганини аниқ кўрсатиши архив қидирувини самарали ташкил этишга хизмат қилади.
Умуман олганда, мазкур янгиликни фуқароларнинг архив ҳужжатларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳолаш мумкин. Чунки турли сабабларга кўра фуқароларнинг меҳнат фаолияти, таълим олиши ёки бошқа ҳаётий жараёнлари билан боғлиқ шахсий ҳужжатлар тугатилган ташкилотларнинг архивларига топширилган бўлиши мумкин. Илгари бундай ҳужжатни излаш ва олиш фуқаро учун мураккаб жараён бўлган бўлиши мумкин. Эндиликда эса ушбу жараён аниқ маъмурий тартиб, белгиланган муддат ва давлат хизмати шаклидаги ягона механизм асосида амалга оширилади. Энг муҳими, фуқаро ўзининг давлат архивида сақланаётган шахсий ҳужжатининг аслини олиш имкониятига эга бўлади. Бу, ўз навбатида, архив хизматларининг фуқарога йўналтирилганлигини кучайтириш, давлат хизматларини соддалаштириш ва улардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Янги давлат хизматининг асосий мақсади фуқароларнинг ўз шахсий архив ҳужжатларига эга бўлиш имкониятини кенгайтириш, бу борадаги маъмурий жараёнларни тартибга солиш ва аҳолига қулай, шаффоф ҳамда аниқ белгиланган давлат хизматини тақдим этишдан иборат.
Гулноза Бобоева, ЎзА