Жиноятга жазо муқаррар
Ёшлик завқи, шиддати жўшқин дарёга қиёсланади. Асов дарё пўртаналар ҳосил қилганча йўлда учрайдиган ҳар қандай ғовни суриб кетишга қодир бўлганидек, ёшликдаги куч-ғайрат ҳам кўп ишларни бажаришга ундайди. Бироқ умрини бесамар, мазмунсиз ўтказаётган ёшлар ҳам учраб турибди.
Т.Н. 25 ёшда. У шу пайтга қадар ўғрилиги ва бошқа жиноятни содир этганлиги учун икки маротаба судланган. Аммо хулоса чиқармаган экан. У ҳалол меҳнат қилиб даромад топиш ўрнига яна жиноятга қўл урди. Шу йилнинг биринчи май куни тунда Яшнобод туманида жойлашган якка тартибдаги тадбиркорга қарашли янги типда қурилган озиқ-овқат дўконининг деразаси орқали ичкарига кириб, кассадаги 8.100.000 сўмни ҳамда 635.000 сўмлик буюмларни ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.
У 9 май куни яна ўзганинг мулкини яширин равишда талон- тарож қилиш мақсадида ярим тунда Яшнобод тумани “Авиясозлар” кўчасида жойлашган озиқ-овқат дўкони олдига борган. Атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб дўконга ўрнатилган темир панжаранинг устки қисми очиқлигидан фойдаланиб ичкарига кирган. Растада турган бозор нархи 40.000.000 сўмлик тамаки маҳсулотларини ҳамда савдо кассасидаги 8.000.000 сўмни олиб чиқаётган вақтида дўкон эгаси томонидан ушланган.
– Айбимга иқрорман, – деди судда судланувчи Т.Н. – Оқибатини ўйламабман. Бошқа бундай иш қилмайман. Кечиринглар...
Суд судланувчига жазо тайинлашда барча жиҳатларни эътиборга олди. Ўғирлик жиноятини содир этган Т.Н. суднинг ҳукми билан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Қўли эгрилик, бировнинг мулкига кўз олайтириш оғир гуноҳ саналади. Аммо ҳаётда айрим ёшларнинг ўғрилик жиноятини содир этаётгани ниҳоятда ташвишланарли ҳолатдир.
Баҳодир Қаюмов,
Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг судьяси.