Жиноятчиликнинг олдини олишда муҳим ҳамкорлик
Навоий вилоятидаги барча маҳаллаларни криминоген вазиятидан келиб чиққан ҳолда “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратиб, профилактик тадбирларни ташкил этиш мақсадида Навоий вилоят прокуратураси, Ички ишлар, Миллий гвардия, Давлат солиқ ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаларининг ҳамкорликда ишлаб чиқилган қўшма қарори асосида Навоий шаҳар ИИБ ҲПБ профилактика инспекторлари учун ўқув семинари тарзида кундалик йўриқнома ўтказилди.
Навоий шаҳар ИИБ ҲПБ профилактика инспекторлари, Миллий гвардия Навоий вилояти бошқармаси ҳарбий хизматчилари ва ходимлари, Солиқ идора вакиллари, шунингдек, профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиларидан иборат гуруҳлар шакллантирилиб, улар олдидаги бир қатор вазифалар белгиланди.

– Вилоят ҳудудида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш мақсадида биргина Навоий шаҳар ҳудудидаги 10 та “қизил” тоифадаги маҳаллаларда хонадонлар, корхона-ташкилот ва муассасалар объектлари, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари рўйхатлари асосида кунлик қўриқлаш пултига уланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди вилоят ИИБ матбуот хизмати раҳбари Ўктам Усмонов.

– Маҳаллаларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда манзилли ишлаш бўйича криминоген вазиятни чуқур таҳлил қилиш, жиноятларнинг содир этилишига таъсир қилаётган омилларни аниқлаш, мавжуд куч ва воситаларни самарали тақсимлаш, ҳудудлар кесимида криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида сифат жиҳатдан янги инновацион рақамли технологиялар имкониятидан кенг фойдаланиш лозимлиги ҳар бир ходимга етказилди.

Маълумотларга кўра, Навоий шаҳар ҳудудида 639 та хонадон ва 1724 та объект ишончли қўриқлаб келинмоқда.
А.Бўриев, ЎзА