Жиноий гуруҳ қўлга олинди
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизматининг хабарига кўра, шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига Мутал Бурхонов маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 1981 йилда туғилган фуқаро О.Ф. ариза билан мурожаат қилади.
Мурожаатда жорий йилнинг 10 май куни унинг уйига номаълум шахс ғайриқонуний равишда кириб, икки дона аёллар тилла занжири, бир дона эркаклар ва бир дона аёллар тилла узуги, икки дона аёллар тилла сирғаси, “Lenova” русумли ноутбук, 50 АҚШ доллари, 60 Евро, 1500 Россия рубли ҳамда 300 минг сўм пулларини ўғирлаб, жами 58 миллион 825 минг сўмлик моддий зарар етказиб воқеа жойидан яширинганлигини маълум қилади.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар ИИОФМБ 4-сон ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, кечиктириб бўлмас тергов ҳамда суриштирув ҳаракатлари олиб борилади.
Жиноят иши юзасидан олиб борилган дастлабки тергов ҳамда тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни, 1974 йилда туғилган Бухоро шаҳар Пиридастгир маҳалласида яшовчи фуқаро М.С., ўзининг жиноий шериклари, 1997 йилда туғилган Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Искандар қалъаси маҳалласида яшовчи, фуқаро Н.Ш. ҳамда унинг маҳалладоши 1997 йилда туғилган фуқаро М.Б. олдиндан жиноий тил бириктирган ҳолда содир этганликлари аниқланиб, ашёвий далиллар билан қўлга олинади.
Ҳозирда ушбу жиноий гуруҳнинг вилоятда ҳамда республиканинг бошқа ҳудудларида содир этилиб фош этилмасдан қолаётган ўғирлик жиноятларига алоқадорликларини аниқлаш борасида тезкор суриштирув тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА