ЖИДУ талабалари тадбиркор билан учрашди
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида юртимизнинг кўзга кўринган ишбилармонларидан бири – “New retail” МЧЖ, шунингдек, “Анорбанк” ва “Капитал суғурта” АЖ таъсисчиси Қаҳрамонжон Олимов билан учрашув бўлиб ўтди.
Дастлаб Қ.Олимов талабалар ва ўқитувчиларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашуви, унга олий давлат мукофоти – “Дўстлик” ордени топширилиши ҳақида ҳаяжон билан сўзлаб берди.
– Давлатимиз бизнес вакилларининг мамлакатимиз иқтисодиёти, келажак равнақига қўшаётган ҳиссасини юқори баҳолади, – деди Қ.Олимов. – Давлатимизда тадбиркорлар учун қулай бизнес муҳити яратилиб, кенг имконият, имтиёзлар берилмоқда. Демак, биз ўзимизга билдирилган ишончни оқлашимиз керак.

Меҳмон талабаларга касбий фаолияти, илк қадамлари, йўлида учраган қийинчиликлар, муваффақиятлар ва келажак режалар ҳақида сўзлади. Мулоқот чоғи мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, молия, иқтисодиёт, банк ва бошқа соҳаларга алоқадор долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Қ.Олимов талабаларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Якунда келгусида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга келишилди.
ЎзА