Жиддадаги жаҳон чемпионатида медалларимиз сони ортмоқда
Шу кунларда Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида давом этаётган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати сайёрамизнинг энг кучли оғир атлетикачи ўсмирларини ўзида жамлаган.
Мусобақанинг бешинчи кунги баҳсларида ҳам ҳамюртларимиз шижоат кўрсатишди. Дастлаб 61 кг вазн тоифасида Мадинабону Жўраева иккикураш натижасига кўра, умумий ҳисобда 179 кг натижа қайд этиб, 5-ўринни қўлга киритди.
71 кг вазн тоифасидаги ўсмир қизлар ўртасидаги беллашувларнинг силтаб кўтариш баҳсида Севинчой Комилова 111 кг натижа билан 3-ўринни эгаллади ва терма жамоамиз ҳисобига навбатдаги бронза медалини қўшиб қўйди.

Ушбу вазнда иштирок этган ҳамюртимиз Нигора Сувонова даст кўтаришда 92 кг оғирликдаги штангани бўйсундириб, кумуш медалга сазовор бўлди. Айтиш лозимки, Нигора силтаб кўтариш машқларида 114 кг натижа билан яна бир кумуш медаль соҳибасига айланди. Иккикураш натижасига биноан ҳамюртимиз 2-ўринни эгаллади. Бу эса Сувонованинг жаҳон чемпионатида 3та медалга мушарраф бўлишини таъминлади, дея хабар бермоқда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.
Жорий йилнинг 5 октябридан бери давом этаётган 17 ёшгача бўлганлар ўртасидаги дунё биринчилигида юртимиз ўсмир ёшлари ҳозирча 8 тадан зиёд медаллар шодасига эга бўлиб турибди. Иқтидорли спортчиларимиз Ҳусинбой Матрасулов бронза, Озода Ҳожиева кумуш ва энг ёш спортчиларимиздан бири Диёрбек Эрматовнинг даст кўтаришда олтин медалга сазовор бўлганлиги ҳамда кечаги баҳсларда Севинчой Комилова ва Нигора Сувонованинг кумуш ва бронза медалларига эга чиққанлиги Ўзбекистон ёш оғир атлетикачиларининг халқаро майдонда ўз муносиб ўрни борлигидан далолат.
Бугун 10 октябрь куни жаҳон чемпионатида қиз болалар 76 килограмм вазнда, ўғил болалар эса 96 кг оғирликдаги мусобақаларда медаллар учун баҳслашади. Дунё биринчилиги 12 октябрга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА