Жавлон Ваҳобов: Фарғона водийсида тинчлик меъморчилигини иқтисодий ҳамкорлик билан мустаҳкамлаш вақти келди
Тинчлик – ҳар қандай жамият тараққиёти, халқ фаровонлиги ва келажакка ишончнинг энг муҳим шарти. Осойишталик ҳукм сурган юртдагина инсон ўз орзу-мақсадларини рўёбга чиқариши, давлат эса барқарор ривожланиш йўлидан бориши мумкин. Шу боис, бугунги мураккаб ва таҳликали даврда тинчликни асраш, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб ҳисобланади.
Айниқса, қўшни мамлакатлар билан тинчлик ва тотувликда яшаш халқлар фаровонлиги ҳамда бутун минтақа барқарорлигининг мустаҳкам пойдеворидир. Зеро, қўшнилар ўртасидаги яхши муносабат фақат сиёсий мулоқот билан чекланмайди. У чегаралар осойишталиги, савдо-иқтисодий алоқалар ривожи, маданий-гуманитар яқинлик, одамларнинг эркин борди-келдиси ва энг муҳими, келажакка бўлган умумий ишончда намоён бўлади. Тинч ва аҳил қўшничилик муҳити эса мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириб, бутун минтақани тараққиёт ва фаровонлик маконига айлантиришга хизмат қилади.
Маълумки, яқинда Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида “Фарғона водийси: тинчлик, ишонч ва фаровонлик макони” мавзусида Фарғона Ⅱ-тинчлик форуми ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан таъсис этилган анжуман кетма-кет иккинчи йил Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлат тузилмалари, экспертлар ҳамжамияти, илмий доиралар ва фуқаролик жамияти вакилларини бир майдонда бирлаштирмоқда. Тадбир Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази ҳамда Суғд вилояти давлат ҳокимияти ижроия органи томонидан ташкил этилди.
Форум ишида уч мамлакатнинг чегарадош вилоятлари раҳбарлари, шунингдек, БМТ, Европа Иттифоқи, ЙХҲТ, Халқаро миграция ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар вакиллари иштирок этди.
Йиғин давомида Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, Фарғона водийсида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, шунингдек, ҳудудлараро амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Эътиборлиси, “Фарғона водийсининг иқтисодий ва саноат ривожланишига стратегик нигоҳ” сессиясида сўзга чиққан Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) директори Жавлон Ваҳобов ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари ҳамда уни бевосита водий вилоятлари даражасида рўёбга чиқариш имкониятларига эътибор қаратди.
Унинг таъкидлашича, 2026 йил сўнгги ўн йилликда юз берган ўзгаришлар кўламини баҳолаш учун муҳим имконият яратади. Бу даврда нафақат минтақа давлатлари ўртасидаги сиёсий муносабатлар, балки Марказий Осиёнинг иқтисодий географияси ҳам тубдан ўзгарди. Эндиликда асосий масала ўзаро савдонинг ўсиши қўшни ҳудудлар иқтисодиётлари ўртасида барқарор ишлаб чиқариш алоқалари, ихтисослашув ва ўзаро тўлдирувчанликнинг шаклланиши билан қай даражада уйғун кечаётганидадир.
МОХИ директори Фарғона водийси уч давлатнинг етти вилоятини бирлаштириб, қарийб 18 миллион кишилик иқтисодий маконни ташкил этишини тилга олди. Бироқ йирик бозорнинг мавжудлиги ўз-ўзидан юқори самарадорликни англатмайди. Хусусан, водийнинг Ўзбекистондаги уч вилоятида мамлакат аҳолисининг қарийб 29 фоизи истиқомат қилса-да, улар мамлакат ЯИМининг тахминан 16,5 фоизини шакллантиради.

Ж.Ваҳобовнинг фикрича, асосий захира меҳнат унумдорлигини ошириш, ҳудудлар ихтисослашувини чуқурлаштириш ҳамда қўшни ҳудудларнинг бир-бирини иқтисодий жиҳатдан тўлдириш салоҳиятидан самарали фойдаланишдадир. Андижон машинасозлик ва муҳандислик салоҳиятига, Наманган кучли тўқимачилик базасига, Фарғона вилояти кимё ва қайта ишлаш саноатига, Суғд вилояти эса йирик аграр ва хомашё салоҳиятига эга. Ўш савдо ва хизмат кўрсатиш маркази вазифасини бажаради, Жалолобод энергетика ва транспорт салоҳиятини ўзида мужассам этса, Боткен боғдорчилик соҳасида кучли мавқега эга.
МОХИ директори қайд этганидек, кооперацияни янада аниқ ва самарали йўлга қўйиш учун алоқаларни муайян вилоятлар даражасида кўра билиш, улар ўртасида қандай товар оқимлари шаклланаётганини ва қайси йўналишларда бир-бирини тўлдирувчи ишлаб чиқариш қувватлари мавжудлигини тушуниш муҳим. Бундай ҳудудлараро таҳлил салоҳиятни умумий баҳолашдан аниқ йўналтирилган иқтисодий сиёсатга ўтиш имконини беради.
Шу асосда бугуннинг ўзидаёқ сифат жиҳатидан янги натижаларга эришиш мумкин бўлган қатор йўналишлар таклиф этилди.
Агросаноат соҳасида Ж.Ваҳобов водийни ягона тақсимланган кластер сифатида кўриб чиқишни таклиф этди. Бунда трансчегаравий контракт асосидаги деҳқончилик амалий модель бўлиши мумкин. Унга кўра, бир вилоятдаги қайта ишлаш корхоналари қўшни ҳудудлардаги хўжаликлар билан узоқ муддатли шартномалар тузиб, уларни зарур технологиялар билан таъминлайди ва етиштирилган маҳсулотни кафолатли харид қилади. Ер ва ундан олинадиган даромад эса маҳаллий ишлаб чиқарувчида қолади.

Истиқболда маҳсулот чегарани оддий хомашё сифатида эмас, балки сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспортни қамраб олувчи умумий қиймат занжирининг дастлабки бўғини сифатида кесиб ўтиши лозим.
Шунингдек, форумда сув масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. МОХИ директори айтишича, сув бўйича мунозарани босқичма-босқич “кимга қанча сув тегади” деган масаладан “ҳар бир куб метр сув қандай самара беради” деган ёндашувга ўтказиш зарур. Бундай ёндашувда сув энергетика ва саноат билан узвий боғланади. Минтақанинг бир қисмидаги гидроэнергетика салоҳияти, бошқа қисмидаги ускуналар ишлаб чиқариш имкониятлари ва учинчи ҳудуддаги сервис компетенциялари бир-бирини такрорламасдан, ўзаро уйғун ҳолда ишлаши мумкин.
Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли мавзуси ҳам муҳокамалар марказида бўлди. Ж.Ваҳобовнинг таъкидлашича, ушбу лойиҳанинг иқтисодий самараси қурилиш материаллари, металл маҳсулотлари, озиқ-овқат ва хизматларга бўлган талаб ҳисобига қурилиш босқичининг ўзидаёқ намоён бўла бошлайди. Андижон ва Жалолобод вилоятларини бир-бирини тўлдирувчи ягона саноат-логистика камари сифатида кўриб чиқиш, шунингдек, лойиҳа эҳтиёжлари учун водийдаги сертификатланган етказиб берувчиларнинг ягона реестрини шакллантириш таклиф этилди. Янада кенг кўламли вазифа сифатида қурилиш материаллари, агросаноат маҳсулотларини қайта ишлаш, тўқимачилик, электротехника ва темир йўл инфратузилмасига хизмат кўрсатишга ихтисослашган, ўзаро боғланган миллий ҳудудлардан иборат уч томонлама махсус иқтисодий зонани ташкил этиш масаласини ишлаб чиқиш мумкинлиги қайд этилди.
Тўқимачилик соҳасида, МОХИ директори қайд этганидек, Намангандаги корхона Суғд ёки Жалолободдаги ҳамкорни ўз вилояти ичидаги шерикни танлагандек табиий иқтисодий мантиқ асосида танлай бошлаган тақдирдагина интеграция амалий мазмун касб этади. Тармоқларнинг узун рўйхатини шакллантириш ўрнига, у пахта толасидан тайёр кийим-кечаккача ёки гидротехника ускуналаридан уларни ўрнатиш ва сервис хизматларигача бўлган 10-15 та аниқ трансчегаравий ишлаб чиқариш занжирини белгилашни таклиф этди.
Маърузада туризм масалаларига ҳам салмоқли ўрин ажратилди. 2025 йилда Ўзбекистонга кирувчи туристик оқимнинг қарийб ярми Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ҳиссасига тўғри келди, тиббий мақсадда келган сайёҳларнинг эса қарийб 87 фоизи айнан шу икки давлатдан ташриф буюрган. Ж.Ваҳобовнинг фикрича, эндиликда асосий вазифа сафарлар давомийлигини узайтириш ва уларнинг ҳудудлар учун иқтисодий самарасини оширишдан иборат.
Бу борада Хўжанд–Қўқон–Фарғона ва Ўш–Андижон–Наманган каби 48–72 соатлик қисқа трансчегаравий йўналишларни ривожлантириш, тиббий хизматларнинг минтақавий бозорини шакллантириш, шунингдек, бутун Фарғона водийсига ташриф буюришни истаган Европа, Кўрфаз мамлакатлари ва Шарқий Осиёдан келувчи сайёҳлар учун Ўзбекистоннинг авиация инфратузилмасидан ҳаво дарвозаси сифатида фойдаланиш истиқболли ечимлар сифатида кўрсатилди.
Таълим минтақавий иқтисодиётнинг етарлича баҳоланмаётган йўналишларидан бири ва хизматлар экспортининг муҳим соҳаси сифатида қайд этилди. Сўнгги ўн йил ичида Ўзбекистондаги хорижий олий таълим муассасалари сони 7 тадан 30 тага етди. Бу эса қўшни давлатлар фуқароларига халқаро даражадаги таълимни географик жиҳатдан яқин ҳудудда олиш имконини бермоқда. МОХИ директори таъкидлаганидек, талабалар мамлакатлар иқтисодиётлари ўртасидаги профессионал алоқаларнинг муҳим боғловчисига айланади. Шу муносабат билан водий вилоятлари учун агротехнологиялар, сув ресурслари, гидроэнергетика, логистика, тўқимачилик, туризм ва тиббиёт йўналишларида мутахассислар тайёрлаш бўйича қўшма дастурларни шакллантириш таклиф этилди.
Сўзини якунлар экан, Ж.Ваҳобов ўнлаб йиллар давомида Фарғона водийси иқтисодиёти уч давлат ягона макон ва унинг ресурсларини қандай тақсимлаши нуқтаи назаридан ўрганиб келинганини қайд этди. Бугун эса ушбу маконда қўшилган қийматни биргаликда қандай яратиш масаласини кун тартибига қўйиш вақти келди.
Агар янги минтақавий ҳамкорликнинг биринчи босқичи чегараларни очишга қаратилган бўлса, навбатдаги босқич ўзаро боғланган ишлаб чиқариш занжирларини шакллантиришга бағишланиши лозим. Шунда барқарорлик нафақат давлатларнинг сиёсий иродасига, балки минглаб корхоналар, қўшма инвестициялар, иш ўринлари ҳамда миллионлаб инсонларнинг аниқ манфаатларига ҳам таянади.
– Агар кеча Фарғона водийсида тинчликни таъминлаш асосий вазифа бўлган бўлса, бугун ушбу тинчлик меъморчилигининг иқтисодий пойдеворини яратиш зарур, – дея таъкидлади МОХИ директори ўз нутқида.
У иқтисодий жиҳатдан ўзаро боғланган Фарғона минтақаси Янги Марказий Осиёнинг энг ёрқин муваффақият тарихларидан бирига айланиши мумкинлигига ишонч билдирди.
Ў.Алимов, ЎзА