“Жасорат учқунлари”
Қарши шаҳрида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган “Жасорат учқунлари” ҳарбий-ватанпарварлик ва спорт мусобақасининг Республика босқичи қизғин ва кўтаринки руҳда давом этмоқда.
Мазкур мусобақа ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, миллий армиямизга ҳурмат ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғуларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг жисмоний тайёргарлиги ва интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида ташкил этилган.
Республика босқичида мамлакатимизнинг барча 14 ҳудудидан саралаб олинган 112 нафар ўқувчи иштирок этмоқда. Ушбу нуфузли беллашувга қадар 208 та туман ва шаҳардаги “Жасорат мактаблари” ўқувчилари ўртасида саралаш босқичлари ташкил қилиниб, уларда 1500 нафардан зиёд ёшлар қатнашди. Саралаш синовларида юқори натижа кўрсатган жамоаларгина якуний босқичга йўлланма олди.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида иштирокчилар мамлакатимиз озодлиги ва тинчлиги йўлида жон фидо қилган аждодлар хотирасига эҳтиром кўрсатиб, Хотира монументи пойига гулчамбарлар қўйди. Шундан сўнг жамоаларнинг байроқлар остидаги тантанали юриш маросими бўлиб ўтди.

Беллашувлар давомида иштирокчилар бешта муҳим йўналиш бўйича ўз билим ва маҳоратларини намоён этмоқда. Жумладан, саф тайёргарлиги, тиббий тайёргарлик, ҳуқуқий саводхонлик бўйича тест синовлари, робототехника ҳамда арқон тортиш мусобақаларида ғолиблик учун курашмоқда.
Айниқса, робототехника йўналишининг дастурга киритилгани ёшларнинг замонавий технологияларга бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг инновацион фикрлаш қобилиятини ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, саф ва тиббий тайёргарлик бўйича беллашувлар иштирокчиларнинг интизом, масъулият ва тезкор қарор қабул қилиш кўникмаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мусобақа доирасида қатнашчилар учун маданий-маърифий тадбирлар, маънавий-маърифий учрашувлар ва кўнгилочар дастурлар ҳам ташкил этилган. Бу эса ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг дунёқараши ва ижтимоий фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда.
“Жасорат учқунлари” нафақат спорт ва билимлар беллашуви, балки ёшларда жамоавийлик, лидерлик, фидойилик ва ватанпарварлик каби муҳим фазилатларни шакллантиришга қаратилган муҳим тарбиявий лойиҳадир. Шу жиҳатдан мазкур мусобақа мамлакатимизда баркамол ва ҳар томонлама етук авлодни тарбиялаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишларга ҳамоҳанг тарзда ўтказилмоқда.

Мусобақа якунида энг юқори натижаларни қайд этган жамоалар ва фаол иштирокчилар тантанали равишда тақдирланади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири