“Жасорат мактаблари”га қабул имтиҳонлари шаффофлик асосида ташкил этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилоятида “Жасорат мактаблари”га қабул қилишнинг биринчи босқичи доирасида тест синовлари ўтказилди.
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг вилоят бўлимида ташкил этилган имтиҳонларда шаҳар ва туманлардан ташриф буюрган талабгорлар иштирок этди. Имтиҳон жараёнлари белгиланган тартиб, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ўтказилди. Иштирокчилар ҳамда уларнинг ота-оналари учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди. Ота-оналар тест жараёнларини онлайн тарзда кузатиш имкониятига эга бўлди. Талабгорлар математикадан 30 та ҳамда она тили фанидан 20 та тест топшириғини бажарди.
Қабул имтиҳонларининг иккинчи босқичи жорий йилнинг июль ойи иккинчи ўн кунлигида ўтказилиши режалаштирилган.
[gallery-30168]
Имтиҳонлар якунланганидан сўнг ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари учун ҳарбий-ватанпарварлик фестивали ташкил этилди. Унда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги вакиллари, Термиз ҳарбий прокуратураси ходимлари, “Жасорат мактаблари” ўқитувчилари ҳамда Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти мутахассислари иштирок этди.
Фестиваль доирасида иштирокчиларга “Жасорат мактаблари”да ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар ва таълим жараёни ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, ҳарбий хизматчилар томонидан учувчисиз учиш аппаратлари, “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан кема моделлари кўргазмалари намойиш этилди. Термиз гарнизони ҳарбий оркестри ҳамда Хайраобод гарнизони Фахрий қоровул жамоасининг чиқишлари тадбирга ўзгача кўтаринкилик бағишлади.
Таъкидлаш керак, бугунги кунда республика бўйлаб 208 та, Сурхондарё вилоятида эса 15 та “Жасорат мактаби” фаолият юритмоқда. Ушбу мактаблар ёшларни Ватанга садоқат, юксак маънавият ва ҳарбий касбга қизиқиш руҳида тарбиялаш, келажакда мамлакатимиз мудофаа салоҳиятига муносиб ҳисса қўшадиган баркамол авлодни вояга етказиш йўлида самарали хизмат қилмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА